Атрофга назар

Ёшлар таътилда ҳунар ўрганишмоқда


01.07.2025   133

Ҳар бир маҳаллада жўшқин, атрофига ёшларни жамлай оладиган лидер инсонлар бўлади. Улар маҳалланинг юрагидек гўё, атрофидагиларга илиқлик, имкон ва умид улашади. Мен улғайган Қўрғонтепа туманитдаги Буюк Замин маҳалласидаги тадбиркор Жамшид ака Расулов ҳам ана шундай инсонлардан биридир. Унинг ҳар бир иши, ҳар бир ташаббуси ёшларнинг келажагига очилган эшик бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугун кўп гапирилаётган “Тадбиркор – ислоҳотлар локомотиви” деган ибора айнан Жамшид ака сингари инсонларга тўғри келади. Мамлакатимиз раҳбарининг: “Бугунги кунда энг катта мақсадимиз – бу ҳар бир фуқарони, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш,” – деган иборани у ўзига вазифа қилиб олган. Айни ёзги таътил кунлари маҳалласидаги ёшларнинг ҳунар ўрганишига ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳудуддаги 39- умумтаълим мактаби ўқувчилари орасида устага шогирд тушиб, қўлидан иш келиб қолганлари ҳам анчагина.

Жамшид ака дурадгорлик ва ёғочсозлик соҳасида тажрибали мутахассис. Аввалига у оддий устахона очди. Бугун унинг иш жойи ҳақиқий ҳунар марказига айланган, десак муболаға бўлмайди.

– Болалигимда менга устозим ёғоч билан ишлаш сирларини эринмасдан ўргатган, – дейди уста Жамшид Расулов. – Мен ана шу анъанани давом эттирмоқчиман. Ишончим комил, ҳунар – ёшлар учун энг барқарор таянч. Ёш шогирдларим фақат пул топишни эмас, ўзига, кучига, салоҳиятига ишонишни ўрганмоқда.

Устахонада айни дамда 8 нафар ёшлар шуғулланяпти. Кимдир эшик ясаса, бошқаси ёғочни силлиқлаяпти, яна бири чизмалардан фойдаланиб, мебель андозасини тайёрламоқда.

Устоз-шогирдлик анъанаси кучайган сари маҳалладаги ижтимоий муҳит ҳам яхшиланмоқда. Ёшлар бугун ўзлари қизиққан ҳунарларни эгаллашга интилмоқдалар. Бундай ёндашув маҳаллада нафақат бандликни таъминлайди, балки ёшларни ёт ғоялар таъсиридан, кўча-кўй муаммоларидан узоқлаштиради.

Жамшид акани кузатиб турарканман, бир ҳақиқатни яна бир бор англадим: юртнинг фаровонлиги, йигит-қизларнинг бандлигини истар экансан, аввало ишни маҳаллада соғлом муҳит яратиш, ҳунар сирларини кичикликдан ўргатиш ва меҳнатсеварликка ундаш лозим. Бир устахонадан бошланган ҳаракат бутун маҳаллани илҳомлантирадиган кучга айланиши мумкин. Бугунги шогирдлар эртага устоз, етакчи, тадбиркор бўлиши шубҳасиз.

Зиёда АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги

Буюк замин маҳалла ёшлар фаоли.