Андижонда

ЁШЛАРГА БЕПУЛ ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТЛАР БЕРИЛДИ


17.08.2022   633

Маълумки 2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида республика бўйича жами 2 560 та никоҳ шартномаси расмийлаштирилган. Энг кўп расмийлаштирилган ҳудудлар: Наманган вилоятида – 950 та, Тошкент шаҳрида – 654 та, Фарғона вилоятида – 530 та.

Ёшлар ўртасида эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқи кафолати учун никоҳ шартномасининг аҳамиятини тарғиб қилиш, ажримларнинг олдини олишга кўмаклашиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Нотариал палатаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Никоҳ шартномаси — мулк ҳуқуқи кафолати” шиори остида ҳуқуқий акцияга старт берди.

Бугун, 17 август куни Андижон шахрида ташкил этилган акцияда нотариуслар томонидан ёшларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Тадбирларда фуқаролар учун “Маслаҳат бурчаги” ташкил этилиб, уларга мавзу юзасидан турли тарғибот материаллари тақдим этилди, никоҳ шартномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти индивидуал тартибда тушунтирилди. Никоҳ шартномаси тузишни хоҳловчиларга шу ернинг ўзида расмийлаштирилди.