Андижонда

ЁШЛАРГА ҚАНОТ БЕРАЁТГАН ЖАМҒАРМА


24.10.2022   238

тақдирлаш кўтаринки руҳда ўтди

Жорий йилнинг 7 июнида “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат асосида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганидан кўпчиликнинг хабари бор, албатта.

Ёшларнинг эҳтиёжлари ва хоҳиш-истакларини ўрганиш натижалари бўйича уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, беш муҳим ташаббусни рўёбга чиқариш ва унинг доирасидаги тадбирларни молиялаштириш, ёшлар бандлигини таъминлашга эришиш, тадбиркорликка жалб қилиш, тизимдаги қонунчилик хужжатлари билан белгиланган бошқа харажатларни қоплаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётган мазкур жамғарма асосида айни кунга қадар қатор тадбирлар, амалий ишлар олиб борилмоқда.

Андижон вилояти Ёшлар марказида бўлиб ўтган “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ёрдам олган йигит-қизларни тақдирлаш маросими вилоятда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар сарҳисоби, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш тизими, амалга оширилиши режалаштирилган хайрли ишларнинг ёрқин кўриниши бўлди.

Унда Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари ва ёшлар етакчилари, вилоят ва Андижон шаҳар масъул мутасаддилари, “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ёрдам олган 200 нафар, олий таълим муассасалари томонидан контракт тўловлари тўлаб берилган 135 нафар йигит-қизлар, жамғарма кўмагидан мамнун ота-оналар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тантана аввалида намойиш этилган видеоролик вилоятда ёшлар масалалари ҳамда жамғарма томонидан амалга оширилган тизимли ишлар, ютуқларни ўзида акс эттирди.

Дастлаб сўз олган Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Феруз Аблаяров сўнгги йилларда мамлакатимизда келажак ворисларига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар хусусида атрофлича фикр юритди. Шунингдек, ташкил этилган жамғарма бугун кўплаб ёшларнинг истак-хоҳишларига, эзгу мақсад ва орзуларига қанот бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ёрдам олган ёшларни тақдирлаш учун агентликнинг Андижон шаҳар бўлими ҳамда шаҳар сектор раҳбарларига умумий сумма ва тўлов ваучерлари тантанали топширилди.

Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Дониёр Рустамовлар томонидан АДУ ректорига ва Андижон шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғига ваучерлар топшириш жараёни, айниқса, қарсакларга уланди.

Тадбир давомида вилоятнинг хушовоз санъаткорлари ва ёшлари томонидан тайёрланган маданий кўнгилочар дастур йиғилганларни даврага чорлади.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.