Атрофга назар

Юқори марралар сари: касб танлашда тўғри йўлни танланг!


14.08.2026   8

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг якуний натижалари эълон қилиниши арафасида минглаб абитуриентлар ҳаяжонли кунларни бошдан кечирмоқда. Бу ҳолат табиий, чунки ҳар бир ёш ўз келажаги ҳақида ўйлайди, орзу-мақсадлари рўёбга чиқишини интизорлик билан кутади.

Бир неча йил аввал абитуриентлар учун имкониятлар бугунгидек кенг эмасди. Йилда бир марта ўтказиладиган имтиҳон тақдирни ҳал қилувчи босқич сифатида қабул қилинар, олийгоҳга кира олмаган кўплаб ёшлар орзуларини кейинга суришга мажбур бўларди. Айниқса, қизлар учун танлов имкониятлари чекланган эди.

Бугун эса имконлар мутлақо ўзгача. Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилияти ва қизиқишларини рўёбга чиқариш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Энди муваффақият фақат олий таълим билан эмас, балки касб-ҳунар, амалий кўникма ва меҳнатсеварлик билан ҳам ўлчаняпти.

Президентимиз ташаббуси билан илк бор ўтказилган "Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 2026" миллий танлови ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди. Унда сантехник, пайвандчи, ошпаз, сартарош, электромонтажчи, автомеханик ва компьютер графикаси усталари каби касб эгалари катта саҳнада муносиб эътироф этилди.

Касбий таълим агентлиги ҳамда Uzbekistan Club жамоаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танловда 10 та йўналиш бўйича 120 нафар ғолиб ва совриндор медаллар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, уларни тайёрлаган устоз-мураббийларнинг меҳнати ҳам муносиб баҳоланди.

Қувонарлиси, республика миқёсидаги ушбу нуфузли танловда Андижон ёшлари ҳам муносиб иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олдилар. Бу эса вилоятимиз аҳли учун алоҳида фахр ва ифтихордир.

Таъкидлаш керак, республика босқичида ғолиб бўлган ёшлар икки йилдан кейин Японияда бўлиб ўтадиган "WorldSkills" халқаро чемпионатида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўладилар. Халқаро мусобақада юқори натижа кўрсатган иштирокчилар Президент соврини сифатида 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланиши белгиланган.

Яна бир муҳим янгилик. 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим тизимида давлат гранти асосида таҳсил олаётган ўқувчилар учун 100 АҚШ долларигача миқдорда стипендия жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Айни кунда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган бўлса-да, малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж камаймайди. Пайвандчи, қурувчи, ошпаз, шифокор ёки муҳандис меҳнати инсон маҳорати, тажрибаси ва масъулиятини талаб қилади. Шу боис касб-ҳунар эгаллаш келажак учун энг мустаҳкам пойдеворлардан бири бўлиб қолаверади.

Демак, имтиҳон натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, ёшлар тушкунликка тушмасликлари керак. Олий таълим муваффақиятга олиб борувчи ягона йўл эмас. Инсон ўз иқтидорини тўғри йўналтириб, касбини сидқидилдан эгалласа, жамиятда муносиб ўрин топиши ва юксак марраларни забт этиши мумкин.

Энг муҳими, ҳар бир йигит-қиз қалбида "Мен ҳам ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўламан, юртим тараққиётига ҳисса қўшаман", деган ишонч ва интилиш мустаҳкам қарор топсин.

Моҳигул СИДДИҚОВА