Андижонда

Юксак тараққиётга етакловчи юз мақсад


07.11.2023   112

Юртимизнинг тараққий этган энг қудратли мамлакатлардан бирига айланиши учун қандай омиллар муҳим? Халқимизнинг янада эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимизнинг соғлом, билимли ва маънавий етук авлод сифатида камолга етишлари учун-чи?

Албатта, ушбу улуғвор ва хайрли мақсадларга эришишда беш муҳим жиҳат – барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш тақозо қилинади.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқоридаги муҳим вазифаларни қамраб олганлиги билан катта аҳамиятга эга.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бешта устувор йўналиш белгилаб берилди. Булар – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш; барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш; сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш каби йўналишлардир.

Эътиборли жиҳати, “Ўзбекистон — 2030» стратегияси 100 та мақсадни қамраб олган бўлиб, бевосита тараққиётга хизмат қилиши назарда тутилган ушбу мақсадларнинг ҳар бири бўйича 2030 йилгача эришиладиган самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.

Жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада изчил давом эттириш мақсадида Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш каби вазифалар қайд этилган.

Айни мақсадлардан келиб чиқиб, ҳаётга татбиқ этилиши белгиланган бир қатор кўрсаткичлар орасида, хусусан, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш каби жиҳатлар ҳам бор.

Мазкур стратегияни қабул қилишдан мақсад, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш орқали ҳар бир ишда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни бош мезонга айлантириш ҳамда халқимизнинг ҳаёт сифатини юқори босқичга олиб чиқишдан иборат.

Улуғбек Бузурходжаев,

Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судининг раиси