Андижонда

“ЮРАККА КЎМИЛАР АСЛ ШОИРЛАР...” МУҲАММАД ЮСУФ УЙ-МУЗЕЙИДА ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ


26.04.2022   571

Аввал хабар берганимиздек, Андижонда Муҳаммад Юсуф ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Марҳамат туманидаги Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф уй-музейида жам бўлганлар хассос қаламкашнинг шеърий битиклари янглиғ содда, самимий ва бетакрор хотиралари билан кўнгил изҳорларини билдиришди.

Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бетакрор истеъдод соҳиби миллатимиз фахрига айланганлигини, ардоқли ва суюкли шоирнинг бой адабий мероси миллий маънавиятимиз юксалишида муҳим омил эканлигини алоҳида қайд этди.

Муҳаммад Юсуф болалиги ўтган ҳовлида ташкил қилинган музей шоир ҳаётининг ҳар йилидан сўзлаб тургандек. Оиласи, болалик, ёшлик чоғларининг масъум дамлари кўринишлари, кийган либослари, қўлёзмалари, ёзган асарлари, ҳарбий хизматдан сўзловчи суратлару мактублар, пойтахтдаги ҳаёти акс этган лавҳалар... – буларнинг барчаси худди шоир ёнингизда тургандек қалбингизга ажиб ҳис-туйғуларни беради.

Зеро, “Ўзинг менинг улуғлардан Улуғимсан Ватаним” дея жўшиб куйлаган ва ана шундай оташин, юракка яқин сатрлари билан халқимиз ифтихорига айланган буюк шоирнинг ўзи ёзганидай:

Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,

Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,

Юракка кўмилар асл шоирлар...

Андижонда суюкли фарзандининг таваллуд куни муносабати билан барча гўшаларда адабиёт, шеърият сайли давом этмоқда.

“Andijonnoma” online