Андижонда

Юртимизда давлат мадҳияси илк бор қачон яратилган?


09.12.2025   156

1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган. Шу кундан буён бу сана мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланиб келинади.

Давлат суверенитети рамзи бўлган мадҳия матни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган. Унга Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурхонов мусиқа басталаган.

Қонунчиликка кўра, давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда илк мадҳия қачон, ким томонидан ёзилган, деган савол туғилиши табиий.

Мадҳия - мақтов қўшиғи, қасида. Бирор шахс, нарса, воқеани мақтаб ёзилган, ўқилган шеър ёки нутқ. Қадимги шарқда мадҳия сўзи билан бирга қасида ҳам ишлатилган. Ўзбек мумтоз адабиётида қасиданинг илк намуналари «Девону луғотит турк» асарида учрайди. Кейинчалик Саккокий, Лутфий, Гадоий, Амирий ва Навоийлар ижодида қасида юқори босқичга кўтарилган.

Факультетимизда фаолият кўрсатаётган “Адабиёт саккизинчи мўъжиза”, “Китобхонлик ва таржимашунослик” каби клубларда мамлакатимизда нишонланаётган саналарга бағишлаб машғулотлар ташкил этилади.Хусусан, давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан аъзо талабалар кичик изланишлар олиб бордилар. Жумладан, Рухшона Тўрақулова, Асал Қорёғдиева, Маржона Абдуманнопова, Чарос Ҳолиқова,ўзбек давлатчилигида мадҳияларнинг ўрни, яратилиш тарихи ҳақида маълумотлар тайёрлаб келдилар.

“Қадимги турк ҳоқонлиги, қорахонийлар, ғазнавийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар даврида қўшинларнинг алоҳида саф қўшиқлари, ҳарбий маршлари бўлган. Жанг пайтида махсус мусиқачилар табл, карнай, бурғу, ноғора ва бошқа махсус асбобларда жанговар мусиқаларни ижро этишган. Бу аскарларга ўзига хос жўшқинлик бахш этган,” дейди Асила Ғаниева.

Андижонлик талаба Ҳилола Ҳамиджонованинг мавзу доирасидаги фикрлари бу борадаги билимларни янада бойитди: “Замонавий кўринишдаги давлат мадҳияси илк бор юртимизда Туркистон Мухторияти даврида яратилган. Гарчи, Туркистонда турли халқлар ва миллатлар яшаса-да, мадҳия матни айнан ўзбек тилида, Андижон фарзанди, буюк шоиримиз Абдулҳамид Чўлпон томонидан битилган ва 1917 йил 29 ноябрда қабул қилинган. Унда қуйидаги мисралар бор эди:

Кўз очинг, боқинг ҳар ён,

Қардошлар, қандай замон!

Шодликка тўлди жаҳон,

Фидо, бу кунларга жон!

Афсуски, бу давлат дунё саҳнасида 72 кун яшади, холос. У маҳв этилгач, табиийки, мадҳия ҳам йўқолди.”

Талабаларимиз жаҳон адабиёти дурдоналарини ўрганиш билан бирга юртимизнинг қадим тарихи, давлатчилиги ҳақидаги бой маълумотларни турли тилларга таржима қилиб, дунёга ҳавола этишни мақсад қилишган.

Бугунги кунда янграб, дилларга ғурур ва ифтихор бағишлаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончининг теран ифодасидир. Шунингдек, мисраларда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Қизлархон ЖАББОРОВА,

ЎзДЖТУ инглиз тили 1 факультети катта ўқитувчиси.