ЮТУҚЛАРИМИЗ БИСЁР,
15.01.2026 35
бу эса яна-да кўп меҳнат қилишимиз учун рағбатдир
Мамлакатни дунёга тез танитадиган соҳа, бу – спорт. Спорт миллат ва ирқ танламайди, у барчани ўз атрофида бирлаштиради. Спорт нафақат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлайди, балки соғлом авлодни тарбиялашнинг асосий мезонларидан бири саналади.
Вилоятимизда кейинги йилларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, қишлоқ ва чекка ҳудудларда спорт объектларини кўпайтириш, болалар ва ёшлар ўртасида спорт билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди.Айниқса, болалар спортини ривожлантириш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Зеро, ёшларнинг соғлом бўлиши, аввало, уларнинг спорт билан шуғулланишлари билан узвийлик касб этади.
Таъкидлаш керак, ўтган даврда янги-янги болалар спорт иншоотлари барпо этилиб, болалар спорт мактабларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани туфайли кейинги пайтда ёш спортчиларимиз нафақат республика, балки нуфузли спорт ўйинларида жумладан, ёзги Олимпиада ва Паралимпиадада, Осиё ўйинларида, спорт турлари бўйича жаҳон ва минтақа чемпионатларида фахрий ўринларни эгаллаб келмоқда.
Хусусан, вилоятимиз спортчилари томонидан Олимпия ва Паралимпия ҳамда осиё ўйинларига киритилган спорт турлари бўйича жорий йил давомида Жаҳон, Осиё чемпионати, кубоги ҳамда комплекс мусобақаларида жами 75 та (шундан: 28 та олтин, 25 та кумуш, 22 та бронза) медалларини қўлга киритдилар.
Қайд этиш керак, бунда олимпия спорт турлари бўйича жами 58 та, паралимпия спорт турлари бўйича жами 17 та ҳамда комплекс мусобақаларда жами 42 та медал бизнинг ёшларимиз қўлига ўтди.
Бундан ташқари, Озарбайжон Республикасида жорий йилнинг
26 сентябрдан 8 октябрга қадар МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган мусобақада жами 15 та (шундан; 5 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза),Баҳрайн давлатининг Манама шаҳрида 22-31 октябрь кунлари бўлиб ўтган III Ёшлар Осиё ўйинларида жами 5 та (шундан; 2 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза) медаллар андижонлик йигит-қизларимиз кўксига тақилгани - ютуғимиз.
Беллашувлар, курашлар спортчиларимизни тоблаяпти, албатта. Рақамлар, мамлакатлар чемпионатлари, мусобақалардан айримларини келтирдик, холос. Уларнинг барчасида андижонлик спортчиларимизнинг биргина жорий йилдаги ўрни ва ғалабалари намоён.
Бир ютуқни қувониб қайд этишни истардим, Махдия Мухторова парасузиш бўйича 7 олтин медалларни қўлга киритиб, республика терма жамоа ҳисобига ёздирган бўлса, 19 ёшли Акмалжон Исроилов Ливерпул шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатида финал баҳсида мезбон спортчига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда фахрли
1-ўринни қўлга киритиб, Жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлди.
Яна бир ифтихорга арзирли ҳолат. Вилоятимиз жорий йилнинг ўтган даври мобайнида кўплаб халқаро ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларга мезбонлик қилди. Чунончи, 25-28 апрель кунлари Карате WKF спорт туридан “Ўзбекистон опен” халқаро турнири, Дзюдо спорт туридан
30 июнь куни “Жудо тоур”, Бокс спорт туридан 21-27 июль кунлари “Ўзбекистон чемпионати” мусобақалари шулар жумласидандир.
Албатта, бундай натижалар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу вилоятимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани самарасидир.
Ўткирбек ТОШПЎЛАТОВ,
вилоят спорт бошқармаси бошлиғи
