Андижонда

ЖАЛАҚУДУҚДА ОНЛАЙН ДАСТУР АСОСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТИЛМОҚДА


04.03.2023   185

Кунлар исигани сари аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи камаяди. Бунда асоси эътибор овқат пишириш ва чой қайнатиш учун газ плиталари хизматига қаратилади. Лекин мавсумий ишловчи иситиш печлари, қозонлар ва бошқа турдаги газ жиҳозларини ҳолати ҳақида кўпчилик унутиб қўяди. Мана шу иссиқ кунларда хонадонлардаги газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш учун айни вақти десак, муболаға қилмаган бўламиз.

“Агар хонадонлардаги ҳар бир газ жиҳозлари техник жиҳатдан соз бўлса, табиий газдан фойдаланишда ҳам исрофгарчиликни олди олинади Техник кўрсатиш вақтида чилангарларимиз “ХГТ-сервис” онлайн дастури орқали хизмат кўрсатмоқдалар. Бу эса истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи корхона ўртасидаги шаффофликга замин яратмоқда, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди “Жалақудуқтумангаз” газ таъминоти бўлимининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Умиджон Неъматов.

“Жалақудуқтумангаз” филиал ходимлари аҳоли хонадонларидаги уй ичи газ жиҳозларини бир қатор назоратдан ўтказмоқдалар. Ана шундай техник кўрик ишлари туманнинг “Бештол” маҳалласидаги хонадонларда ҳам олиб борилди. Бештолликлар хонадонларида 1300 га яқин уй ичи газ жиҳозлари хатловдан ўтказилган. 315 та 2 комфоркали, 97 та 3 комфоркали ҳамда 81 та 4 комфоркали газ плиталари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 774 дона иситиш печлари, 4 та иситиш қозони ҳамда 28 та титанлар ва бошқа турдаги газ жиҳозлари техник кўрикка мунтазир бўлиб турибди. Шу кунгача филиал ходимлари томонидан 100 дан ортиқ хонадондаги уй ичи газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилиб бўлинди.

“Хонадонларга кирганимизда онлайн сервис асосида хизмат кўрсатаётганимизни тушунтиряпмиз, - дейди чилангар Абдулло Юсуфжонов. – Бунда газ жиҳозларини техник кўриккача ва техник кўрикдан кейинги ҳолатларини суратга олиб, “ХГТ-сервис” дастуримизга жойлаймиз. Сўнгра истеъмолчининг телефонига кўрсатилган хизмат якуни бўйича хизмат ҳаққи келади. Истеъмолчи эса тўловни амалга оширади...”

Туман газ таъминотининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангарлар ҳам хонадонлардаги тарғибот давомида мўриконларни созлиги, жиҳозларни тўғри ўрнатилганлигига эътибор бермоқдалар. Шунингдек, истеъмолчиларга жиҳозларнинг соз бўлиши нақадар муҳимлигини тушунтирилмоқда, энергятежамкор газ жиҳозларининг тарғиботи ҳам четда қолмаяпти. Бугун истеъмолчиларга техник кўрик нега кераклиги астойдил тушунтирилмоқда. Зеро, уй ичи газ жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш нафақат истеъмолчи хавфсизлигини таъминлайди, балки юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олади, техник носоз жиҳозлар созланади ва натижада жиҳозлардан аҳолининг хавфсиз фойдаланишига эришилади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати