ЖАМИЯТДА ҲУҚУҚИЙ ОНГ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ
10.06.2022 1019
Жорий йилнинг 15 май санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Аввало мазкур қарор ижросини таъминлашда ҳуқуқий маданият тушунчаси моҳиятини чуқур билиб олиш мақсадга мувофиқ.
Ҳуқуқий маданият ҳуқуқни билиш ва тушуниш, унинг кўрсатмаларини онгли равишда бажаришдир.
Қарор билан 2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Хусусан, оилада ва таълим муассасаларида ҳуқуқий тарбияни ва маданиятни шакллантириш орқали оилалардаги нотинчлик ва зўравонликнинг болалар тарбиясидаги салбий оқибатларининг олдини олинади ҳамда таълим муассасаларида ўқувчиларни таъқиб қилишга қарши чора-тадбирларни амалга оширилади. Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф қилиш, маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига имтиёзлар ва моддий ёрдам бериш, нафақа тайинлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам олиш тартиби бўйича тизимли тарғибот тадбирларини ўтказиш, олий таълим муассасалари ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув курсларини жорий этиш оила ва таълим тизимидаги ҳуқуқий мадинятнинг шаклланишига хизмат қилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда эса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мурожаатлар билан ишлаш бўйича билимларини оширишга қаратилган “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги”, “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” ва “Конституциявий ҳуқуқ ойлиги”ни ўтказиш, фаол, жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларига эга ҳуқуқий тарғибот гуруҳларини ташкил қилиш ва қонунчилик ҳужжатларининг тарғибот қилинишини таъминлаш тадбирлари муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муаммоларини ўрганиш, “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида тарғибот тадбирларини, ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий лойиҳалар, хайрия акцияларини ўтказиш, хорижда меҳнат қилиш истагида юрган фуқаролар учун қонуний меҳнат миграцияси, хусусий бандлик агентликлари хизматидан фойдаланиш тартиби, ноқонуний миграция оқибатлари тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш эътиборга молик.
Дастурга мувофиқ, маҳалларларда содир этилаётган жиноятларни олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш белгиланганини алоҳида қайд этиш жоиз. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар бўлинмалари томонидан ҳар ойда, ўтган ой давомида ҳудуддаги маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг тури, сони, шахслар тоифаси, ёш категорияси кўрсатилган маълумотлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларига юборилади. Ўз навбатида жиноятлар сони ошган маҳаллаларда жиноят сабаблари, имкон берган шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида аҳолиси ўртасида турли сўровномалар ўтказилади. Адлия вазирлиги томонидан эса мазкур ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, сўровномалар ўтказиш натижаларида жиноятчиликни олдини олиш бўйича тайёрланган таклифларни Ички ишлар вазирлигига киритиб борилади.
Ш.АБДУРАҲМОНОВ,
Пахтаобод тумани адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш
маркази бошлиғи.