Жамиятни заифлаштирувчи иллат
09.12.2025 154
Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Аслида бу иллатнинг моҳияти қандай?
Коррупция баъзи инсонлар учун шунчаки манфаатдорлик ёки эҳтиёжни қондириш усулидай туюлиши мумкин. Аммо у жамиятнинг барқарор ривожига путур етказувчи, давлат тизимига ишончни заифлаштирувчи хавфли иллатдир. Эзгу ниятдаги инсонлар давлатга хизмат қилишга интилса, бошқалар шахсий манфаатини биринчи ўринга қўйиб, жамият тараққиётига тўсиқ бўлади. Юридик маънода коррупция — мансабдор шахснинг шахсий бойлик орттириш мақсадида манфаат эвазига “сотилиши”дир.
Ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги ва шахсий нафсга берилиш порахўрлик ва таъмагирликнинг авж олишига асосий сабабдир. Коррупцияга қўл урган одам фақат қонунни бузиб қўймайди, балки ўзининг кимлигини, ахлоқ ва маънавияти даражасини очиб қўяди. Шу билан бирга, у давлатга, демократик қадриятларга, халқ ишончига хиёнат қилади.
Бу иллатга қарши курашишни энг аввало ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак. Чунки бу иллат нафақат мансабдорлар учун, балки айрим оддий фуқаролар учун ҳам “осон маблағ топиш йўл”идай кўринади. Айримлар “бирор иш битсин” деган мақсадда ўзлари пора таклиф қилишади — натижада эса адолат тизимини издан чиқарадиган чангакка айланиб қолишади.
Баъзи кимсаларга пора “олди-бердиси” арзимас нарсадай туюлиши мумкин. Аммо бу каби ҳолатлар жамиятда минг марта такрорланса, давлатнинг асосларини емириб, тизимни парокандаликка олиб келиши мумкин.
Ҳақиқат шундайки, ҳалоллик — энг катта куч. Ҳаётда ҳамиша ҳалол инсон ғолиб бўлади. Бугунги Ўзбекистон ҳам ана шундай пок, соф, адолат устувор бўлган жамиятни барпо этишни мақсад қилган. Коррупцияга қарши кураш бугун бир маҳкамнинг эмас, балки бутун халқнинг вазифасидир. Шу йўлда ҳар бир инсоннинг ўз фуқаролик позициясига эга бўлиши, ҳалолликни ҳаёт қоидасига айлантириши келажак авлод олдидаги энг катта масъулиятдир.
Н. ПАРПИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Андижон туман судининг раиси.
Ш. ВАҲОБОВ,
Жиноят ишлари бўйича Андижон туман
