Жамоатчилик назорати қандай амалга ошириляпти?
05.12.2024 846
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва демократик тараққиёт йўлини давом эттириш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 2-6-декабрь кунлари мамлакатимизда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик доирасида вилоят ҳокимлигида ташкил этилган “Жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги жамоатчилик муҳокамасида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари масъуллари, экспертлар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Дастлаб сўз олган вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Гулнорахон Аҳмедова жамоатчилик назоратининг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича фикр билдирди.
Шунингдек, айни назоратнинг ҳуқуқий асослари, жамоатчилик кенгашлари фаолияти, шунингдек, йўналишдаги тадбирларни амалга оширишдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
- Жамоатчилик назорати таъсирчанлигини ошириш учун, аввало, уни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва билимларини ошириш, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик механизмларини жорий этиш ҳамда жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор бериш керак, - дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов. - “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” нафақат мамлакатимизда, шу билан бирга вилоятимизда ҳам фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган мана шундай тадбирлар циклида экс этибгина қолмай, жамиятнинг турли қатламлари иштирокидаги долзарб ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар муҳокамасини ҳам ўзида намоён қилмоқда.
Тадбир давомида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда, айниқса, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришда, энг асосийси, жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишдаги муҳим жиҳатлар қайд этилди, саволларга жавоб, муаммоларга ечим изландию
Зилола РАҲМОНОВА