Андижонда

«ЖАСОРАТ»НИНГ ВЕЛОСИПЕДЧИ АЁЛЛАРИ


02.09.2023   106

Балиқчи туманининг Жасорат маҳалласи аёл-қизларини соғлом турмуш тарзига амал қилувчилар ёки велоспортчи аёллар деб ҳам аташ мумкин. Тонг пайти улар саломатлик учун велосипедда сайрга чиқадилар.

Улардан бири - 83 ёшли табаррук онахон Нодира Имомова.

- Маҳаллада мен сингари велоспорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган аёллар жуда кўп, - дейди у. - 12 ёшимдан велосипед ҳайдашни бошлаганман. Мана шу велосипедим, адашмасам, ўн саккизинчиси, бунисини вилоят ҳокимимиз совға қилган. Тўғриси, 14-15 ёшли қизлар билан велосипедда мусобақалашсам, ютаман. Спорт билан мунтазам шуғулланиш инсонни ёшартиради. Унинг шарофати билан ҳамон ёшариб юрибман.

Кўчада турли юмуш билан велосипед миниб юрган аёллар талайгина. Кўпчилик аёллар ҳар куни фарзандларини боғчага «икки ғилдиракли дўсти»да олиб борар экан. Маҳалладаги тўй-тўркинларга ҳам машина кутиш йўқ, шу уловда бориб қўйишади.

«Жасорат»лик аёллар нафақат велоспорт, балки спортнинг бошқа турлари билан ҳам шуғулланиб туришади. Маҳалладаги спорт зал ва майдонда жам бўлиб, волейбол, гимнастика, ҳозирда эса футбол билан ҳам шуғулланишиб келмоқда.

Уларга мураббийлар оиласидан бўлган Муқаддамхон Турғунова тренерлик қилади.

Маҳалла аёллари туман, вилоят ва республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни олиб келишмоқда.

Афсуски, бундай маҳалла ҳозирча бошқа ерда йўқ. Мана шундай - спортга ошно, эрта тонг ёки кечки пайт барча бирдек саломатлик учун ҳаракат қиладиган маҳаллалар кўпайишини истаб қоламиз.

Auz.uz online гуруҳи.