Атрофга назар

ЖАЗИРАМАДА МУЗДЕК СУВ ИЧИБ БЎЛМАЙДИ!


12.07.2023   200

Нима учун?

Келинг, мазкур маълумотни очиқлаймиз.

Ёзнинг жазирама кунларида кўпчилик муздек сув ичиш билан ўз чанқоғини қондиришга ҳаракат қилади.

Бу қанчалик тўғри?

Ушбу саволга шифокор Дилафруз Абдуллаева жавоб берди:

— Кўпчилик “иссиқ ҳавода муздек сув ичсам, чанқоғим қониб, тез совийман”, деб ўйлайди. Бироқ бу нотўғри. Чунки жазирама пайти тана ўзини табиий совутиши натижасида кўп терлайди.

Совуқ сув ичганда эса организм уни иситишга мажбур бўлиб, икки ҳисса кўп энергия сарфлайди. Оқибатда тана совиш ўрнига янада қизийди. Бу эса организм учун стрессни келтириб чиқаради.

Қолаверса, жазирама кунлари муздек сув ичиш кўплаб касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, биринчи ўринда совуқ ичимлик овқат ҳазм қилиш тизимига салбий таъсир этади.

Маълум бўлишича, паст ҳароратли сув истеъмол қилиш қон томирларини торайтириб, спазм ҳосил қилади ва организмда овқатнинг қайта ишлаш жараёнларини секинлаштиради. Шундан келиб чиқиб айтсак, совуқ сув ёғли таомлар билан бирга ичилганда, ёғнинг организмга сўрилиши қийинлашади. Бу эса саломатлик хавфидир.

Шунингдек, паст ҳароратли ичимлик танада овқат ҳазм қилиш учун зарур бўлган ферментлар ишлаб чиқарилишини блоклаб, иммунитетни пасайтиради. Бундан ташқари, шамоллаш, ангина ва бурун-халқум йўлининг бошқа касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

Аксинча, жазирама ҳавода илиқ ёки хона ҳароратида бўлган суюқлик ичиш тавсия қилинади. Хусусан, 36-37 даражали оддий сув организмда метоболизм ва ичак фаолиятини яхшилаб, қондаги холестерин миқдорини пасайтиради ҳамда танадан токсинларни ҳайдайди.

Бундай ичимлик чанқоқни тез қондириб, танадаги терморегуляцияни рағбатлантиради. Натижада иссиқ ҳавода организм тезроқ совийди. Шу билан бирга, илиқ сув танадаги сув-туз балансини меъёрлаштиради.

Бунинг учун кунига ўртача 2-3 литр илиқ суюқлик (кўк чой, газсиз минерал сув) ичиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, чанқоқ пайти яшил ёки ўсимлик чойлари (ромашка, ялпиз ва бошқалар), қорағат, олча, олхўри каби нордон мевалардан тайёрланган шарбатлар, айрон, кефир ичиш жуда фойдали. Улар организмга минерал моддалар ва витаминларни етказиб беради.

Таъкидлаш зарур, жазирамада газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилиш мумкин эмас.

З. РАҲМОНОВА тайёрлади