Атрофга назар

Жиноятга жазо муқаррар: “ҚОПҚОНГА ТУШИШДИ”


25.07.2022   332

Ҳеч ким гўзал ҳаётни яратиб бермайди. Бу, инсоннинг ўзига боғлиқ. Яхши хулқ, одоб-ахлоқ, ақл-заковат, фаҳм-фаросат билан иш юритган шахс ҳузур-ҳаловатда гўзал ҳаёт кечиради.

Буни аксини қилган, мўмай пул топиш илинжида ўзининг, қолаверса, бошқаларнинг соғлигига хавф туғдириб ҳаётини барбод қилаётганларни кирдикорлари нафратга лойиқ.

Пахтаобод туманида яшовчи П.И ва С.Б (исми-шарифлари ўзгартирилган) шахслар шундай одамлар қаторига кириб, ҳаромдан бойлик топишни айнан оғуфурушлик йўли билан амалга оширдилар. Улар гиёҳвандликни охири фақат кулфат билан тугашини хаёлига ҳам келтиришмай, калтафаҳмлик оқибатида умрларини ҳазон қилишди.

П.И. ва С.Б. лар Қирғизистон Республикасида яшовчи номаълум шахслар билан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб жиноий ишга қўл уришади. 5 300 АҚШ доллари эвазига кўп миқдорни ташкил қилган жами 920,7 грамм "гашиш" гиёҳвандлик моддасини Қирғизистон Республикасида яшовчи номаълум шахсдан сотиб олишади. Сўнг унинг ёрдамида ушбу гиёҳвандлик моддасини қўшни давлат ҳудудидаги божхона назоратидан четлаб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига айланма йўллар орқали олиб киришади. Бироқ уларнинг нопок нияти амалга ошмади. Холис харидорга 7 500 АҚШ долларига сотаётган пайтда қопқонга тушишди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан П.И. ва С.Б.нинг ҳар бири 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Гиёҳвандлик аср вабоси, умр заволи. Гиёҳванд моддаларни қабул қилувчилар унга тобе бўлиб, ўз хатти-ҳаракатларини бошқара олмайдилар. У инсон онги ва хулқини заҳарлайди. Оқибатда турли жиноятлар содир этилади. Юқумли касалликлар пайдо қилади. Буни сотиш билан шуғулланганлар эса барча нохуш, салбий ҳолатларнинг сабабчиси бўлиб қолади.

Гиёҳвандлик оилаларни барбод қилувчи, жамиятимизга қора доғ бўлиб, катта зарар келтирувчи иллат экан, унга қарши муросасиз кураш олиб бориш, айни турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва олдини олиш йўлидаги жиддий саъй-ҳаракатлар бир дақиқа бўлсин тўхтамайди.

Соғлом ҳаёт кечириш, узоқ умр кўришни истаганлар эса ўзларида ирода кучини мустаҳкамлаб, зарарли одатлардан йироқ бўладилар.

Носиржон ЗАЙНОБИДДИНОВ,

Андижон вилояти судининг судьяси,

Шуҳратбек МИРЗАКАРИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани

судининг раиси.