Андижонда

Жорий йилнинг 1-ярмида Aндижонда 16 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари синовдан ўтказилди


01.07.2024   240

Бугунги кунда андижонлик газ истеъмолчиларининг 482 мингдан ортиғини суюлтирилган газ истеъмолчилари ташкил этмоқда. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг 1-ярмида аҳолига 43 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди.

Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари биринчи марта 5 йилга, кейин эса уч йилга синовда ўтказилади. Ҳозирда, ҳар бир ГТШ қошида махсус синов цехлари мавжуд бўлиб, 2024 йилнинг 1-ярмида мутахассислар томонидан 16 минг донадан ортиқ маиший газ баллонлари синовдан ўтказилди.

“Синовдан ўтказишдан олдин маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилади. Сўнгра баллон сув билан тўлдирилади. Маиший газ баллон 25 кг босим остида 7-10 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллоннинг ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, ишиш ҳолати сезилса, ушбу баллон яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовда ўтган баллонларга тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Барча иш якунига етгач, уларни бўёқлаб, сўнг фойдаланиш учун топширяпмиз, -дея ўртоқлашди “Шаҳрихон” ГТШнинг синовчи мутахассиси Ўктамжон Мирзараҳимов.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, газ баллонларидаги оғир қолдиқларни тўкиб олиш ишлари ҳам доимий равишда олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида “Асака” газ тўлдириш шохобчасида 648 минг 703 дона маиший газ баллонларидан 13.740 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлиб, барчаси утилизация қилинган. “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасида 1-ярим йилликда 375 минг 736 дона баллондан 11.210 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган. “Шаҳрихон” ГТШда эса ўтган давр ичида 150 мингга яқин маиший газ баллонга суюлтирилган газ тўлдирилди. Шундан 8 минг 246 донасида оғир қолдиқлар борлиги аниқланган. Тўкилган қолдиқ миқдори 12.990 тоннани ташкил этиб, шундан 11.950 тоннасини утилизация қилишга эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали “Ширин газ сервис” ва “Пойтуғ” газ тўлдириш станциялари хизматидан фойдаланади ва у ерда ҳам ҳар бир маиший газ баллондан оғир қолдиқ тўкилиши назоратга олинган.

Шу ўринда, истеъмолчиларга алоҳида таъкидлашни истардикки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқ ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Оғир қолдиқни тўкманг ва ҳаётингизни хавф остига қўйманг.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати