Атрофга назар

ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТЎҒРИСИДА


06.03.2022   295

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-интилишларини амалга ошириш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқараётган, чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиб, муҳим ғоя ва ташаббусларни илгари сураётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган қизларни муносиб рағбатлантириш мақсадида:

1. Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, маданият, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.

2. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 5 март