Зулфияхоним қизи эканлигимдан фахрланаман

01.03.2025 428
Барча қатори мени ҳам Баҳор яқинлашиши билан ажиб руҳафзолик қамраб олади.Ҳосиятли кўклам инсоният аҳлига ажиб бир покланиш, кўтаринкилик,уйғониш ва шукроналик ҳиссинибахш этади. Мен учун ҳам баҳор ана шу фазилатлари билан қадрли.
Юртимизда Баҳорҳассос шоираЗулфия таваллуди билан бошланади. Фаслнинг биринчи кунида республикамиздаги бир гуруҳдавлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ва санъат мухлислари шоира хотирасини ёд олиб, Тошкент шаҳридаги “Адиблар ҳиёбони” га ташриф буюриб,шоира ҳайкали пойига гулдасталар қўядилар.Бу лаҳзаларни қанчалик ҳаёжонли, меҳр-муҳаббатга лиммо-лим эканлигини шеърият мухлислари, Зулфияхоним издошлари янада чуқурроқ ҳис этадилар.
Мен 2021 йилибаҳорнинг илк кунида республикамиздаги иқтидорли қизлар учун таъсис этилган - Зулфия номидагиДавлат мукофотига сазовор бўлганлигимҳақидаги хабарни эшитганман. Шу лаҳзалардагиҳаёжоним ва қувончимнинг чексизлигинитасвирлаб беролмайман. “Наҳотки, фан оламига эндигина кириб келган ёш мутахассиснинг илмий изланишлари шунчалар эътироф этилса-я!” Шунда илм, изланиш ва тадқиқотлар инсонни қанчалар улуғлаши, юксакларга етаклишини ҳис этдим. Илм излаган элда азиз ва мукаррам бўлиши, ҳурмат – иззатга сазовор бўлишини англаб етдим.
Муҳтарам Президентимизнинг : “Қизларингизни ўқитинг, орзу –умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакдош бўлинг! Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир кишисаводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади” деган пурмаъно фикрлари жуда ўринли эканлигини ҳаёт ўзи кўрсатиб турибди. Чунки оилада аёл ўқимишли бўлса, фарзандлариҳам ўқимишли, зиёли бўлади, уларнинг камолоти учунқайғуради, ғамхўрлик қилади. Керак пайтида ёрдам беради, йўналтиради, қўллаб-қувватлайди. Ҳаракатлар эса, самарасиз, натижасиз бўлмайди.
Ушбу нуфузли Давлат мукофотини олгач, буменга бир умрлик фахр бўлиши билан бирга зиммамга юксак масъулият ҳам юклаганлигини тушуниб етдим.Онам: “Энди келажакда ўзингни илм оламидаги изланишларинг, муваффақиятларинг, инновацияларинг билан сенга берилган ишончни оқлашинг керак. Эртага сен “Зулфия қизлари орасида “тўхтаб қолмаган” бўлишинг керак. Янада кўпроқ ютуқларга интилишинг керак”,- дея маслаҳат берганлар.
Шу боис, юксак ишонч масъулияти, шаъни, қолаверса, ўз келажагим учун астойдил илм қилишга аҳд қилдим. Андижон давлат тиббиёт институтидаги устозларим кўмаги ва маслаҳатлари билан илмнинг бепоён оламига кириб бордим. “Ҳомиладор аёлларда COVID-19 этиологияли пневмония ривожланишининг клиник ва молекуляр-генетик асослари” мавзусида илмий иш (PHD - тиббиёт фанлари бўйича фалсафа докторлиги диссертацияси бўйича), изланишлар бошладим. Шунингдек, илмий раҳбарим Тошкент педиатрия тиббиёт институти профессори Шаҳноза Зуфарова, республика гематология илмий-амалий маркази профессори Қодиржон Бобоевлар бошчилигида, АДТИдаги устозларим биргаликдаилмий иш, тадқиқот ва кузатувларни йўлга қўйдик. Илм йўли “игна билан қудуқ қазишдек” машаққатли бўлиши билан бирга завқли ҳамдир. Буниилмни, илми боринсонларни қадрлаганлар яхши биладилар.
Мана,илмий тадқиқотимнинг долзарблиги ва янги қирраларини очиб бериш ва ҳамма даврда муҳим аҳамият касб этишиборасида генетик таҳлиллар олиб боришим, аниқ хулосаларни чиқаришда кўплаб устозлар йўл-йўриқлар бериб бормоқда. Менга ўз билим ва тажрибаларини ўргатаётганилм-фан фидойиларидан Хабиба Нигматшаева, Озода Собировалардан ҳамиша миннатдорман. Ҳақиқий илм йўлини танлаган, ёшларга ўз билим ва касбий маҳоратини ўргатиш, ҳаётий, илмий кузатишларидан сабоқ беришдан чарчамайдиган устозларнинг борлиги қувончлидир. Тиббиёт институтимизда салкам 70 йиллик “Устоз – шогирд” анъаналарини шараф билан давом эттираётган устозларимга муносиб- олима бўлгимкелади.
Меҳриноз КОМИЛОВА,
Андижон давлат тиббиёт институти таянч докторанти,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати.