Атрофга назар

1 ИЮНЬ – ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ ТАРИХИ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?


31.05.2022   528

Ушбу кун дунё халқларида қандай нишонланади?

«Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» 1925 йилда Женевада болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференциясида эълон қилинган. Шундан буён ушбу кун жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида 1 июнь куни нишонланади.

Аммо «Болалар куни» 1857 йил июнь ойининг иккинчи якшанбасида АҚШнинг Массачусетс штати, Челси шаҳридаги Универсалист черкови пастори, доктор Чарлз Леонард томонидан бошлаб берилган бўлиб, бу кун «атиргул куни» деб аталади. Кейинчалик, «болалар» куни деб номлана бошланган.

«Болалар куни» биринчи марта Туркия Республикаси томонидан 1920 йил 23 апрелда расмий равишда миллий байрам деб эълон қилинган. Мамлакатда «болалар куни» 1920 йилдан бери миллий миқёсда нишонланиб келинмоқда, ҳукумат ва ўша вақтдаги газеталар бу кунни «болалар учун кун» деб эълон қилган эди. Бу борадаги расмий ҳукумат декларацияси 1929 йилда Туркия Республикасининг асосчиси ва Президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан эълон қилинди.

1 июнь – Халқаро болалар ҳимоя қилиш куни дунёнинг 50 га яқин мамлакатларида нишонланса ҳам, бошқа кўплаб давлатларда ҳар йили 20 ноябрь куни «Халқаро болалар куни» сифатида бирдек нишонланади.

1959 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари декларацияси» 1989 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинди ҳамда бу каби муҳим халқаро ҳужжатларнинг қабул қилиниши жаҳоннинг кенг жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.

Халқаро ЮНИСEФ ташкилоти ҳам жаҳоннинг минг йиллик дастурларини ишлаб чиқишда ҳам фаоллик кўрсатиб, болаларнинг эҳтиёжларига мос келадиган саккизта мақсадларни минг йиллик дастурларга киритишга эришди.

Ушбу сана бутун дунё бўйлаб зўравонлик, эксплуатация ва дискриминация шаклида зўравонликка дуч келган болаларни ҳимоя қилишга ҳам чорлайди.

Баъзи мамлакатларда болалар меҳнат кучи сифатида ишлатилади, қуролли можароларда аскар сифатида фойдаланилади, кўчаларда яшайди ёки ногиронлиги туфайли азобланади.

Ҳозирги кунда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 153 миллионга яқин болалар меҳнат жалб қилинган.

Шу ўринда, турли мамлакатларда болалар куни турлича нишонланди. Мисол учун Жанубий Кореяда бу кун 1954 йил 5 майдан буён нишонланиб келинади.

Жанубий Кореяда 5 май расман «Болалар куни» сифатида эътироф этилган. Бу кунда ота-оналар кўпинча болаларига совғалар беришади, шунингдек улар билан вақт ўтказишади. Болалар ҳайвонот боғлари, музейлар ва ўйин-кулги манзилгоҳларига экскурцияларда бўлишади.

Японияда 1948 йилдан бери 5 май куни Миллий болалар байрами болаларнинг бахтиёрлигини кўрсатиш ва оналарга миннатдорчилик билдириш учун нишонланади.

Энг қизиғи мамлакатда, болалар куни икки марта, 3 март қизлар учун, 5 майда ўғил болалар учун нишонланади.

Ғарбий ва Шарқий Германияда ҳам болалар кунининг урф-одатлари сезиларли даражада фарқ қилган. Шарқий Германияда ушбу байрам 1950 йилда жорий этилган ва кейинчалик болалар учун ҳар йили ўтказиладиган бўлган. Йилнинг бу кунида болалар одатда табрикланган ва ота-оналаридан совғалар олишиб, махсус саёҳатлар, масалан, дала сафари ва шу каби тадбирларни ўтказишган.

Америка Қўшма Штатлари болалар кунини нишонлаш оналар ва оталар кунидан олдин ўтказилади.

Республикамиз мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Юқори Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги қарорига мувофиқ қўшилди.

«Болаларни ҳимоя қилиш куни» байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини болаларнинг муаммоларига, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир. Шунингдек, байрамни нишонлашнинг асосий мақсади – улғайиб келаётган ёш авлоднинг келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етказишдир.

“Халқаро болалар куни” учун махсус байроқ ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур байроқ ўзининг рамзий маъносига эга. Орқа фондаги яшил ранг юксалиш, беғуборлик, фаровонлик рамзи бўлса, марказдаги Ер шари ва унинг атрофидаги қизил, кўк, сариқ, оқ ва қора ранглар дунёнинг исталган бурчагидаги болалар ирқи, миллатидан қатъий назар тенг эканлигини ифодалайди.

М. СИДДИҚОВА тайёрлади.