Атрофга назар

1 МАРТ - ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРАСИ ЗУЛФИЯ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН: ҲАЁТ КУЙЧИСИ


26.02.2022   620

Замонамизга яқин бўлганлигиданми ёки шеърларига ишқим тушганиданми, Зулфияхоним шахсига меҳрим бўлакча. Шоиранинг исмини эшитишим билан хаёлимга тонгдек пок, қуёшдек ёрқин, шафақдек жилвакор ҳис-туйғулар келади. Чунки Зулфияхоним ана шундай мунаввар туйғуларни куйлаб, бетакрор шеърлар ёзиб қалбимиздан чуқур жой олган. Бутун умри давомида покиза туйғуларни, инсоний фазилатларни ва садоқатни тараннум этди. Ўз элини севди, халқимиз ҳам уни ардоқлаб келмоқда.

У жуда кўп юртларда бўлди, унинг асарлари бир неча тилларга ўгирилди. Шри Ланка, Миср каби мамлакатхалқларининг севимли шоирасига айланди. Ҳиндистонда ўтказилган "Ўзбекистон маданияти ва санъати ўн кунлиги" да ёзилган "Мушоира" достони дунё халқлари аро тинчлик рамзига айланди, десак хато бўлмас.

Ўзининг камтарона эътирофи ила айтганда "қалам деҳқони" Зулфиянинг ижодий хазинаси сирли бир олам: унинг на чек-чегараси бор, на... Унда адашиб кезиб юраверасиз аммо чиқиб кетиш хаёлингизга ҳам келмайди. Чунки унда шоира она юрти ва жаҳонни кезиб кашф этган дунё ҳамда инсон манзаралари сизни сеҳрлаб қўяди. Ўша сеҳр бу оламда гўзал Фарғона водийсидан тортиб олисҲиндистоннинг афсонавий гўшаларига сайрга олиб чиқади, қайноқ давраларга чорлайди. Жаҳон маданиятининг улкан арбоблари билан таништиради. Шоира баҳорни шунчалар севганки, у ҳақидаги шеърлари сон-саноқсиз ва баҳорнинг ўзидай жилвакор.

Унинг ижодий хазинаси шеърий жавоҳирлардангина иборат эмас. Унда таржималар, ҳамюртларимиз сурати чизилган очерклар, сафдош шоираларнинг ижодий қиёфаларига чизгилар, устоз Ҳамид Олимжон хотирасига кўрсатилган яна бир эҳтиром "Зайнаб ва Омон" опера либреттоси... хуллас, таъбингизга нима маъқул бўлса, барчаси мужассам. Табиатингиз равшанлашади, аллақандай бир қониқиш, қаноат туясиз.

Яна шунга амин бўласизки, сизга бу лаззатни инъом этган адиба - ҳаётнинг барча иссиқ-совуғини кўрган инсон - қанчалик машаққатли бўлмасин кечирган умридан нолимайди, ундан оддий, инсоний хулоса чиқаради.

У шундай беқиёс шеърлари учун 1967 йил халқаро Жавоҳарлаъл Неру, 1972 йилда эса Болгария Халқ Республикасининг I-даражали "Крилл ва Мефодий" мукофоти билан тақдирланди.

Зулфиянинг юксак ижоди эътироф этилиб, юртимиз истиқболининг дастлабки йилларидаёқ ҳукуматимиз томонидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод қилаётган иқтидорли қизлар ушбу мукофот соҳибалари бўлишмоқда.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:

Суйдим.

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима билдим,

Шу - да бир яшаш!

Аслида ҳам инсонга шундан ортиқ нима керак? Бироқ унинг яна бир ўтинчи бор. Гарчи бу ўтинч Зулфиядек шоира учун ортиқчадек туюлади, аммо донишлик инсон ўз тақдиридабирон-бир вазиятни истисно қилмаслиги кераклигини ҳам тақазо этар экан:

Қайноқ суйгум,

Куйим,

Совуқ жасадим,

Она - Ватан, ўтинч, бағрингдан қўйма!

Ҳар йили ана шундай баҳорлар келаверади, шоирамиз эса ҳар фаслда янгидан ёдга олинаверади. У халқимиз қалбида баҳор ва шодлик, ҳаёт ватинчлик куйчисибўлиб абадий яшайверади.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.