Муаммоларни ҳал этишнинг янги механизми – ташаббусли бюджетда депутатлар иштироки
11.06.2026 41
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини аҳоли манфаатлари асосида ташкил этиш, фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ва бюджет маблағларининг очиқ, мақсадли сарфланишини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда “Ташаббусли бюджет” тизими жамоатчилик иштирокини таъминлайдиган энг таъсирчан механизмлардан бири сифатида шаклланди.
Мазкур тизим орқали фуқаролар ҳудудлардаги долзарб муаммоларни бевосита кўтариш, лойиҳалар таклиф қилиш ва уларни овоз бериш орқали саралаш имкониятига эга бўлмоқда. Натижада ички йўллар, ичимлик суви, таълим муассасалари, электр ва коммунал тармоқлар ҳамда ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ кўплаб масалалар аҳоли ташаббуси асосида ҳал этилмоқда.
Айниқса, ташаббусли бюджет амалиёти жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ва маҳаллий даражада фуқаролар фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли сони нисбатан кам ёки рақамли фаоллик паст бўлган ҳудудларда айрим долзарб, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар етарли овоз тўплай олмагани сабабли етакчи ўринга чиқа олмай, молиялаштиришдан четда қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–264-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги амалий иштироки кенгайтирилиб, уларнинг ташаббускорлиги ва сайловчилар олдидаги масъулиятини оширишга қаратилган янги тизим ҳаётга татбиқ этилди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили ўз сайлов округларида ташаббусли бюджет жараёнларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳоли эҳтиёжларига мос келувчи иккитадан лойиҳани танлаб олади. Бунда ҳар бир мавсумда биттадан лойиҳа “Очиқ бюджет” портали орқали сараланиб, республика бюджетидан молиялаштирилади.
Шунингдек, портал орқали депутат ташаббуслари асосида молиялаштириладиган лойиҳаларнинг алоҳида очиқ рўйхати юритилади. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур янги механизм фақат овозлар сонига эмас, балки ижтимоий эҳтиёж ва ҳудудий аҳамиятга ҳам устуворлик бериш имконини яратмоқда.
Хусусан, ушбу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2026 йилда республика бюджети ҳисобидан 494 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатасида ташаббусли бюджет жараёнларини мувофиқлаштириш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва молиялаштирилишини назорат қилиш учун махсус парламент комиссияси ташкил этилди. Бу ёндашув депутатларни фақат назорат қилувчи субъект сифатида эмас, балки ҳудудлардаги муаммолар ечимига амалий таъсир кўрсатувчи институт сифатида намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда мазкур тизим доирасида Андижон вилоятида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 13 та лойиҳа қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш учун ташаббусли бюджетнинг қўшимча механизмлари ҳисобидан 21,1 млрд сўм маблағ йўналтирилди.
Хусусан, Избоскан тумани “Солбоши” МФЙда ички йўлларни асфальтлаш, Андижон шаҳридаги 28-мактабни таъмирлаш ва “Гулистон” маҳалласида йўл инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар бошланди.
Шунингдек, вилоятнинг 9 та, жумладан Андижон, Булоқбоши, Жалақудуқ, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор, Хўжаобод Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманларида ички йўллар, таълим муассасалари ва аҳоли учун муҳим бўлган бошқа инфратузилма объектларини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу ташаббусларнинг аҳамиятли жиҳати шуки, улар аввалги босқичларда етарли овоз тўплай олмаган бўлса-да, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қўшимча молиялаштирилди. Бу эса тизимда ҳудудий мувозанат ва манзиллилик тамойиллари кучайиб бораётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, мазкур лойиҳалар натижасида биргина Андижон вилоятининг ўзида 30 мингдан зиёд аҳолининг кундалик ҳаёт сифатига бевосита таъсир қилувчи инфратузилма муаммоларини ҳал этиш имконияти яратилмоқда.
Янги механизм нафақат молиялаштириш имкониятларини кенгайтирмоқда, балки депутатлар, маҳаллий Кенгашлар ва аҳоли ўртасида амалий ҳамкорликнинг янги босқичини шакллантирмоқда. Эндиликда депутатлар нафақат қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширувчи субъект бўлибгина қолмай, у ҳудудлардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш ташаббусларини илгари суришда фаол иштирок этувчи институт сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор асосида жорий этилган янги ёндашув “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг мазмун-моҳиятини сезиларли даражада бойитди.
Энг муҳими, у платформадаги рақамли тенгсизлик ва овоз тўплаш жараёни билан боғлиқ амалда кузатилаётган айрим чекловларни юмшатишга хизмат қилиб, чекка ва интернет қамрови паст ҳудудлар эҳтиёжларини инобатга олиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда.
Мазкур амалиёт давлат ва жамият ўртасидаги институционал ишончни мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Нозимжон ЭРГАШЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси
