Андижонда

«100 йиллик шонли тарих» да қадр топган умрлар


09.10.2026   14

Бир инсон умри мазмунли бир китоб, эл-юрт тарихи эса ана шундай минглаб тақдирлар, машаққатли меҳнат силсиласи, орзу-умид ва маънавий юксалишлардан ҳосил бўлган улкан номадир.

Шу йилнинг 29 сентябридаИзбоскан тумани ташкил топганига роппа-роса 100 йил бўлди. Бир асрлик шонли тарихга эга бу заминда не-не инсонлар яшаб ўтди, ўзидан ўчмас из қолдирди. Ана шу қутлуғ тўй арафасида туман Ахборот-кутубхона марказида “Маърифат зиёси ва қадр топган умр” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир қўшалоқ айём — туманнинг бир асрлик тўйи ҳамда шу масканда кўп йиллардан буён фидойилик билан раҳбарлик қилиб келаётган “Ахборот-кутубхона аълочиси”, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони соҳиби Низомидин Бурхоновнинг 63 йиллик юбилейига бағишланди.

Мамлакатимизда аҳолига замонавий ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман Ахборот-кутубхона маркази 2019 йил 27 ноябрда ўз фаолиятини бошлаган илк кунлардан эътиборан, муассаса директори Н.Бурхонов ташаббуси билан ҳудуд тарихини ўрганиш ва уни кенг китобхонлар оммасига тарғиб этиш муҳим вазифа қилиб белгиланган эди.

Тадбирда марказ директори муҳаррирлиги остида тайёрланган “100 йиллик шонли тарих” номли ҳудудий библиографик кўрсаткичнинг тақдимоти ўтказилди. Ахборот-библиография хизмати мутахассислари Ш.Мўйдинова ва Н.Отақўзиеванинг деярли олти йиллик заҳматли изланишлари, тўпланган бой манбалар ва уларнинг электрон базасини яратиш борасидаги меҳнатлари ўз натижасини кўрсатди.

Бу манба шунчаки библиографик тўплам эмас, балки бир асрлик босиб ўтган шарафли йўлидир. Китоб саҳифаларидан ҳудуд тарихи, қадимий қадамжолар ҳамда муборак зиёратгоҳлар ҳақидаги қимматли маълумотлар ўрин олган.

Энг муҳими, тўпламда ХХ асрнинг мураккаб даврида ноҳақ қатағон қурбони бўлган ватандошларимиз хотираси, эл-юрт равнақи йўлида ёниб яшаган фидойи зиёли аёлларимиз ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Бундан ташқари, таниқли олимлар, забардаст ижодкорлар, жонкуяр устозлар, эл ардоғидаги шифокорлар ва меҳнат фахрийлари, жамиятда фаол бўлиб, “Мўътабар аёл” номига сазовор бўлган опа-сингилларимиз ва Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларининг ибратли ҳаёт йўли атрофлича ёритилган.

Тантанали маросимда туман ҳокимлиги масъуллари, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбарияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бир неча йиллардан зиёд умрини маърифат улашиш, ёшларга илм бериш ва китобхонликни ривожлантиришга бағишлаган устоз Низомиддин Бурхоновнинг меҳнатларини эътироф этиб, самимий тилаклар билдирдилар. Туғилиб ўсган заминининг тарихини авайлаб, келажак авлодга етказишга камарбаста бўлган бу каби фидойи инсонлар ва уларнинг эзгу ишлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир.

Бахтигул УСМОНОВА,

Избоскан тумани ахборот кутубхона маркази

мутахассиси.