Атрофга назар

Ахборот асрими, "иштаҳа асри" Ейиш учун яшайдиган "фоодблогерлар"


13.10.2026   15

Улуғлар айтадилар "телефон чиқди, бало чиқди ", кимни қарасанг, бўйни букик, инсон инсоннинг юзига қарамай қўйди. Икки кўзию бутун ақлу ҳуши шу матоҳда.

Катталаримиз ҳеч бир гапни бекорга гапирмайдилар. Авваллари бутун оила дастурхон атрофида йиғилишар, уйнинг катталари таомланиш одоби ҳақида кичикларга ўрнак бўлар, қадриятлар ҳақида гапириб, маслаҳатлар беришарди.
"Таомни “Бисмиллаҳ” билан, ўнг қўлда тановул қилиш, катталардан аввал таомга қўл чўзмаслик, оз-оздан овоз чиқармай одоб доирасида таомланиш, ёнидагиларга ҳалақит бермаслик, бўкиб емасдан, қорин ҳали тўймай туриб ўзини тўхтатиш" каби чиройли одоб-ахлоқ дарслари ҳақида ўргатиб турардилар.
Лекин негадир сўнгги пайтларда интернет тармоқларида оммалашаётган (уят бўлса ҳам атайлик) молдек овқатланаётган янги йўналишдаги "фоодблогер"ларнинг бемаъни контентлари кўпайиб кетди.

Лентани ўтказган сари қаршингиздан чиқадиган, кадрни тўлдириб турган тоғдек овқатлар, уларни пала-партиш, тартибсиз, баъзан билакдан ёғ оқизиб, оғизни тўлдириб еяётган визуал видеолар, мукбанг (камера қаршисида кўп овқат ейиш) ва шунга ўхшаш "овқатланиш шоулари", камерага қарата баланд овозда чайнаш (АСМР), юз-кўзни ёғ ва соусга белаб, маҳсулотларни пала-партиш ва бетартиб истеъмол қилиш, меъёрдан ортиқча ва кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даража миқдоридаги таомларни еб тугатиш бўйича мусобақалар ана шулар жумласидандир.

Кўрмай туриб тасаввур қилганда ҳам кўнгилни беҳузур қилаётган бу каби роликлар инсонларга нима беради? Шунчаки ҳеч нарса. Мақсад нима? Реклама олиш, пул топиш ва текинга овқатланиш. Ҳаа, адашмадингиз. Текинга қорин тўйдириш “замонавий бизнес”лар қаторига кириб қолди. Энг ачинарлиси, авваллари бошқаларга еган таомларини кўрсатиш, мақтаниш уят бўлган бўлса, ҳозирда урфга айланиб улгурди.

Одамлар орасида "молдек ейсиз экана", деган жумлалар ёки "ямламай ютди" деб эртакларда девларга нисбатан айтиладиган иборалар айни шу фоодблогерларга тегишлимикин, деб ўйлаб қолади киши. Ачнарлиси, шу ҳолатни нозиккина ўзбек аёл-қизлари ҳам такрорлаётганлигидир.

Миллий таомларимиздан паловхотўрани қўлда, чиройли одоб билан тановул қилиш ота-боболаримиздан қолган одатларимиздан эди. Беш панжани паловга тўлдириб оғизга тиқиш, камига таом устига турфа хил нарсалар қўйиб истеъмол қилиш одоб доирасига ҳам саломатликка ҳам тўғри келмайди. Бундай услубда ўзини тугул халқимизни ҳам бутун дунёга шарманда қилаётган нафси бузуқ блогерлар яшаш учун ейдиларми ёки ейиш учун яшайдиларми, билмадик.

Динимизда таомланишга доир ҳадису шарифлар борки, улар ҳозирги блогерларнинг таомланиш қоидаларига мутлақо зиддир.
Ҳадиси шарифда:«Еру осмон орасидаги жамики яхшиликларнинг боши очликдандир. Еру осмон орасидаги барча фисқу фужур ва ёмонликлар манбаи тўқликдандир», дейилган.

Яна “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири – таом, учдан бири – сув ва қолган учдан бири – нафас учундир” (Имом Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат, кам ейиш соғлиқ гарови, пулу молнинг исроф бўлмаслиги, ғафлатдан қутулиш, барча яхшиликларнинг боши, тану жоннинг саломатлигидир. Яъни кам емоқнинг ўзи шифодир, чунки давонинг асли ҳам парҳездир.

Ҳар нарсанинг чеки бор. Бирор емак ҳақида чиройли ролик тайёрлаш, замон талабидаги тоза-озода, сифатли егуликлар ҳақида, овқатланиш масканлари жойлашувлари тўғрисида маълумот беришнинг ҳам одоб доираси, маданият чегараси бор. Экранга нимадир муҳрлашдан аввал танангизга бир ўйлаб кўринг. Сиз кимларнинг авлодисиз. Бирор янгилик қилишдан олдин яшаб турган маконингиз, аждодларингиз, қадриятларингизни унутманг. Сиз бошлаб берётган маънавиятсизлик фақатгина сизга тегишли эмас. Келажак авлодга ўрнак бўлаётган ёмон одатларингиз, уларни таназуллга юзланиши билан баробардир. Йиллар ўтиб ана шу тарихга муҳрланган очофатларча олинган контентларингиздан ўзингиз уялиб қолмайсизми?

Таомларни бир четга суриб, ўйлаб кўриш вақти келмадимикин?

Моҳигул СИДДИҚОВА.