Хўжаобод туманидаги 84 та кўп қаватли уйни табиий газ билан таъминловчи тармоқ мукаммал таъмирланмоқда
13.10.2026 16
Хўжаобод туманидаги “Мустақилликнинг 30 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида 84 та кўп қаватли уйларда 3000 мингдан ортиқ юртдошларимиз истиқомат қиладилар. Уларга “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан “Ифтихор” автоматик газ тарқатиш шохобчасидан табиий газ етказиб берилади. Ўтган йиллар давомида ҳудуддаги тупроқнинг шўрлиги сабаб ер остидаги газ қувурида емирилишлар ва коррозия ҳолатлари юзага келиб, газ қувуридан газ сизиб чиқиш ҳолатлари кузатила бошланди ва таъминотда муаммолларни келтириб чиқармоқда эди.
“...Ўтган куз-қиш мавсумида хонадонларни газ билан таъминлашда, айрим кўп қаватли уйларга табиий газ етказиб беришда қийинчиликлар туғилди, - дейди “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими муҳандиси Лочинбек Юсупов. – Газ сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этиш вақтида газ қувурларини текширилганда уларда чириш ҳолатлари кузатилди ва уни бартараф этиш учун мукамммал таъмирлаш бўйича дастурга режа киритилган эди. Ҳозирда мазкур ишлар олиб борилмоқда ва тез орада ўз якунига етказилади...”
Мазкур муаммони ҳал этиш учун тармоқнинг 3.2 км қисмига диаметри Д-100 мм бўлган ер усти газ қувури тортилди. Ҳозирда мазкур таъмирланган тармоққа ҳар бир кўп қаватли уйларнинг ички тармоқлари уланмоқда. Бу эса жорий йилги куз-қиш мавсумидан 3000 дан ортиқ хонадоннинг беталофат чиқишига замин яратади.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
