Жамият

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун


18.11.2021   630

ШОҲСУПАДАГИ ҒУРУР БОШҚАЧА

Токио-2020 паралимпия ўйинлари. Давлатимиз мадҳияси янграб байроғимиз баланд кўтарилди. Ўша ондаги ҳаяжонни тил билан ифодалаш қийин. Айниқса, сенинг меҳнатларининг, сенинг муваффақиятинг ортидан Ватанинг шаъни улуғланаётгани ўзгача бўларкан.

2017 йилдан буён спорт биан ошноман. Халқаро майдондаги илк ютуғим 2017 йили Дубайда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритганим бўлди. Ўшанда юртимиз байроғи бошқа байроқлардан баландроқ кўтарилганида, ҳақиқий ғалабани ҳис қилдим. Беихтиёр кўзларимга ёш қалқиганди. Лабларим “Хилпира байроғим, мағрур ва ҳур”дея пичирларди.

Давлат байроғи, яратилиш тарихи, ундаги ранглар уйғунлиги, мазмун-моҳияти ҳақида манбалардан ўқиб, ўрганиш мумкин. Лекин унинг асл қадр қиммати ҳар биримизнинг юрагимизда, қалбимизда бўлиши керак. Мен бу ҳақиқатни 2018 йили Жакартада ўтказилган катталар бўйича Осиё ўйинлари, 2019 йилги Дубайдаги жаҳон чемпионатида яна бир карра англадим.

Енгил атлетиканинг ядро улоқтириш сир-асрорларини мураббийим Мавлонбек Ҳайдаровдан ўрганяпман.Устоз қанчалик қаттиққўл бўлса, бу сенинг ютуғинг экан. Кўплаб мусобақаларда қатнашганим сари унинг панд-насиҳатлари бежиз эмаслигини кўряпман. Мавлонбек ака доим ёнимда. Ғолиблик онлари мени маҳкам қучаркан, “Қара, Бобуржон, Ватанимиз байроғи сен туфайли баланд ҳилпираяпти. Сенинг қувончингдан икки баравар кўп хурсанд бўляпман. Шогирдингнинг зафари бошқача бўларкан” дейди. Тўғрида, халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этувчи давлатимиз рамзлари шу юртда яшовчи хар бир кишига ифтихор бағишлайди.

Бундан 30 йил муқаддам қабул қилинган байроғимиз ўзида бой маъно-мазмунни, юртдошларимизнинг асрий орзу-истакларини, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини ўзида мужассам этган. У тинч ва осойишта, фаровон ва тўкин ҳаётимиз тимсолидир. Ўзбекистон байроғи дунё шохсупаларида ҳамиша баланд кўтарилсин!

Бобуржон ОМОНОВ,

«Токио-2020» паралимпия ўйинлари олтин медаль соҳиби.