Атрофга назар

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун: БАЙРОҒИМ – ШАРАФИМ, ШОНИМ!


17.11.2022   229

“...Жалолиддин Мангуберди ўзидан сон жиҳатдан устун мўғуллар қуршовини ёриб чиқиб от билан ўзини дарёга ташлайди. Бир қўлида от тизгини, бир қўлида юрт байроғи! Шунда Чингизхон ношуд ўғилларига қарата ўкинч билан шундай дейди: “Фақат бахтли отагина шундай ўғилга эга бўлади!”

Бу, тарихий манбаларда келтирилган воқеалардан бири. Яна бир жойда келтирилган қуйидаги воқеа ҳам қалбни қалқитади:

“...Мўғуллар Гуржанчни қамал қилдилар. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб қалъани тарк этишга даъват этса-да, Нажмиддин Кубро “киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди”, дея бу таклифни рад этади.

Умрида ҳатто ўнлик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантирган аслида Ватан меҳри, озодлиги йўлидаги инсоний бурч эди. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим!” дея элга бош бўлиб шаҳар мудофаасини ташкил этишга отлантирган эрк ғами эди.

Бу жанг она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали саҳифалардан бири бўлди. Шайхнинг даъвати мудофаачилар қалбидаги ўлим ва мардлик тушунчаларини уйғунлаштириб юборади. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланди. Шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади”. Таъбир жоиз бўлса, ўша пайтда Нажмиддин Кубро учун давлати, замини, халқи бир байроқ эди...

Байроқ олдида қасамёд, байроқ олдида тиз чўкиб уни ўпмоқ, бу – Ватанга эъзоз, бу Широқ, Тўмарис, Маҳмуд Торобий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, саркарда Алимқул каби ватанпарвар ва енгилмас аждодлар руҳига эъзоздир!

Тарихий манбаларни бежиз келтирмадим. Байроқ шундай азиз ва қадрли, эрк ва Ватан тимсоли. У қалбимиз, руҳимизга туташ. Унда олам-олам маънолар мужассам. Байроқдаги навқирон ярим ой тасвири, 12 юлдуз тасвирида ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши ифода этилган. Ундаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзидир. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. қизил чизиқлар эса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатиб туради. Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кундан бошлаб давлат суверенитетининг рамзига айланди ва шу кундан бошлаб, байроғимиз Ўзбекистон делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, жаҳон миқёсидаги конференцияларда, кўргазмаларда, спорт мусобақаларида, юртимиздаги барча расмий идораларда озод ва обод Ватанимиз тимсоли сифатида юксакларда мағрур ҳилпираб турибди.

З. АБДУЛЛАЕВА.