Андижонда

2024 йил: Андижонда қанча никоҳ қайд этилди?


21.12.2024   27

Конституциямизнинг 63-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”. Оила жамият таянчи сифатида юрт иқболи ва истиқболини белгилайди. Жамиятимизнинг ана шу асосий бўғини барча эзгу қадриятлар, хайрли ният ва мақсадлар, фаровонлик одимлари ундан бошланиб, ҳар бир оиладаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, яратиш ва бунёдкорлик, маҳаллалар, шаҳар ва туманлар, вилоятлар, пировардида мамлакат равнақи ва саодатини белгилайди.

Шунинг учун ҳам оила муқаддасдир. Ҳар бир оилада тотувлик барқарор бўлиши, оилаларнинг мустаҳкам бахт-иқбол қўрғонига айланиши, Ватан ичра ушбу мўъжаз ошёнларда авлодлар бардавомлиги ва уларнинг оқилу комил, эл хизматига ка­марбаста қобил инсонлар бўлиб улғайиши кўплаб омилларга боғлиқ. Бу омилларнинг энг биринчиси никоҳнинг қонуний расмийлаштирилишидир. Зотан, қонуний никоҳ тарафлар, яъ­ни эр ва хотин зиммасига муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклайди.

Никоҳ ҳатто қайнота-қайнона, қудалар, яқин қариндошлар зиммасига ҳам масъулият юклайди, десак, янглишмаймиз. Чунки улар никоҳнинг қонуний расмийлаштирилгани сабабли яна бир оила бунёд этилганини ҳис қи­либ, умр ришталарини боғлаб, аҳду паймон қилиб, олтин остонага қадам қўйган фарзанд­лари — зурриёдларининг мустаҳкам қўрғон барпо этишлари учун астойдил интиладилар.

Умуман, қонуний никоҳнинг жамият таянчи ва истиқболи бўл­ган оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва унда аҳил-иноқлик барқарор бўлишидаги аҳамияти катта.

Шу ўринда ФҲДЁ органларининг фаолияти қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилишини ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни сир тутиш тамойилларига асосланишини эслатиб ўтиш жоиз.

Ўтаётган 2024 йилнинг декабрь ойига қадар вилоятимизда никоҳлар сони жами 21 минг 314 та бўлиб, шундан 16 740 таси 30 ёшгача бўлган фуқаролар ўртасида қайд қилинган. Туғилишлар эса 80 минг 68 нафарни ташкил этган.

Никоҳ муносабатлари қанчалик соф, иҳтиёрий, шунингдек, қонун талабларига асосланган ҳолда бўлса, албатта, шу оиланинг мавқеи, обрў-эътибори баланд бўлади. Ана шундай оила фарзандлари эса комил инсон бўлиб вояга етадилар.

ФҲДЁ бўлимларига катта орзу ва ниятлар билан кириб келаётган йигит-қизлар ўзлари қураётган оила-жамиятининг бир бўлаги эканлигини унутмасликлари керак. Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир.

У.КАРИМЖОНОВ,

Aндижон вилояти адлия

бошқармаси бош маслаҳатчиси