2026 йилги сайловлар: дунё сиёсатида нималар ўзгармоқда?
08.10.2026 352
2026 йил глобал сиёсий майдонда жуда муҳим ва шиддатли воқеаларга бой давр бўлмоқда. Португалиядан Барбадосгача, Германиянинг йирик ҳудудларидан Косово ва Вьетнамгача ўтказилган сайлов жараёнлари оддий сайловчиларнинг бугунги кунда давлат бошқарувидан айнан нима кутаётганини кўрсатиб берди.
Кузатувлар шуни кўрсатадики, дунё сиёсий харитасида аҳоли кайфияти тубдан ўзгармоқда, чунки фуқаролар баландпарвоз шиорлардан узоқлашиб, ўзларининг кундалик турмушидаги аниқ муаммоларга ечим изламоқда.
Дунё бўйлаб ўтказилган сайлов кампаниялари давомида фуқароларни, аввало, иқтисодий ва ижтимоий масалалар, жумладан нарх ва яшаш таннархининг ошиши, ижара тўловларининг юқорилиги, хавфсизлик ҳамда ишсизлик безовта қилгани аён бўлди.
Масалан, Барбадосда Бош вазир Миа Моттли бошчилигидаги Лейбористлар партияси парламентдаги барча 30 та ўринни эгаллаб мутлақ ғалаба қозонган бўлса-да, халқаро экспертлар ва кузатувчилар янги ҳукумат учун энг катта синов ички иқтисодий босим ва яшаш харажатларини жиловлаш бўлишини таъкидламоқда.
Германиянинг Баден Вюртемберг, Рейнланд Пфальц, Саксония Анҳалт ва Қуйи Саксония ерларида ўтказилган сайловларда эса автомобиль ва кимё саноатидаги ишчиларнинг ўз иш ўринларидан айрилиш хавотири, энергетика нархларининг қимматлиги ҳамда миграция босими асосий мавзуга айланди. Аҳолининг хавфсизлик ва иқтисодиёт бўйича хавотирлари йиллар давомида бошқарувда турган анъанавий партияларга нисбатан норозиликни оширди.
Косовода эса тинимсиз сиёсий инқирозлар, нархларнинг ошиши ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик сабабли аҳолининг сиёсатга бўлган ишончи ва қизиқиши сусайиб кетди. Натижада сайловчиларнинг бор йўғи 36,8 фоизи овоз беришда иштирок этди. Бу кўрсаткич халқнинг сиёсий зиддиятлардан совиганини ва фақат адолатли ҳамда барқарор бошқарувни хоҳлашини намоён қилди.
Ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги ушбу муаммолар фонида кўплаб мамлакатларда ўн йиллаб шаклланган сиёсий тизимлар ўзгаришга учради.
Германияда “Германия учун муқобил” партияси маҳаллий муаммоларни, жумладан энергетика ва миграция чекловларини илгари суриш ҳамда ёшлар билан ишлаш орқали ўз мандатлари сонини бир нечта ерларда кескин оширди. Саксония Анҳалтда ушбу партия 39 та мандат билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Берлинда “Сўллар” партияси 25,6 фоиз овоз билан парламентдаги энг йирик фракцияга айланди.
Болгарияда оммавий норозиликлар ва ҳукумат истеъфосидан сўнг ўтказилган навбатдан ташқари сайловда Румен Радевнинг “Прогрессив Болгария” коалицияси 130 та мандатни қўлга киритиб, эски сиёсий кучларни ортда қолдирди.
Венгрияда эса сиёсий майдонга чиққан Петер Мадяр ва унинг “Тиса” партияси аҳолининг норози қатламини ўз атрофида бирлаштириб, мамлакатда икки қутбли янги сиёсий муҳитни шакллантирди.
Бироқ, ҳамма жойда ҳам кескин ўзгаришлар кузатилгани йўқ, масалан, Вьетнамда сиёсий тизим барқарорлиги ва ҳукуматга бўлган ишонч фонида сайловчиларнинг 99 фоиздан зиёди овоз беришда иштирок этди ва Коммунистик партия Миллий Ассамблеядаги 500 та ўриндан 485 тасини эгаллади.
Сиёсий кучлар ва электорат ўртасидаги бундай мураккаб муносабатларда замонавий технологияларнинг роли жуда катта бўлди.
Бир томондан, ташкилий ва техник жараёнлар янада соддалашди ҳамда шаффофлашди. Вьетнамда илк бор “VneID” платформаси орқали масофавий рўйхатдан ўтиш ва биометрик текширув жорий этилган бўлса, Германия ва Болгарияда натижаларни сканерлаш, электрон овоз бериш машиналари ва жараённи жонли эфирда намойиш этиш механизмларидан фойдаланилди. Венгрияда эса идентификация учун “Client Gate+” рақамли тизими ишга туширилди.
Бироқ, рақамли инфратузилманинг ривожланиши сайловолди тарғиботида ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш кўламини кенгайтириб, айрим салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқарди.
Масалан, Косоводаги сайлов кампаниясида сунъий интеллект имкониятларидан салбий мақсадда фойдаланилди. Ижтимоий тармоқларда телеканалларнинг расмий логотиплари ва сунъий интеллект ёрдамида овозни синтез қилиш орқали сохта интервьюлар, сиёсатчиларнинг юзини алмаштириш технологияси асосида уларни обрўсизлантирувчи сохта видеоконтентлар тарқатилди.
Арманистонда эса геосиёсий ва чегара масалаларидаги мунозаралар фонида парламент сайловлари рақамли платформаларда йирик дезинформация хуружлари нишонига айланди.
Ушбу технологик ва сиёсий омилларнинг барчаси 2026 йилдаги сайловлар мисолида глобал сиёсатда аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари биринчи ўринга чиқаётганини кўрсатди.
Хулоса қилиб айтганда, сайловчилар қуруқ сиёсий ваъдаларга эмас, балки нарх-наво барқарорлиги, уй жой имконияти, хавфсизлик ва ижтимоий адолатни реал таъминлай оладиган сиёсий кучларга ишонч билдирмоқда.
Қайси ҳукумат ёки партия фуқаролар билан яқин мулоқот ўрнатиб, уларнинг кундалик ташвишларига муносиб ечим топса, айнан ўша куч сиёсий майдонда ўз мавқеини сақлаб қолмоқда.
Нозимжон ЭРГАШЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси
