Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги
23.11.2026 17
23 ноябрь куни Андижон давлат тиббиёт институтида “Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги. Дуал таълимни ташкил этишнинг Андижон тажрибаси” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Таълим ва илм-фан вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси масъуллари, Германия олийгоҳ ва компания вакиллари, республикадаги олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари), проректорлари, дуал таълим йўлга қўйилган корхоналар раҳбар ва мутахассислари иштирок этдилар.

Иштирокчилар ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда таълим муассасалари фаолияти билан танишиш жараёнида дуал таълимни ташкил этишнинг вилоятимизда эришилган амалий натижаларига гувоҳ бўлиб, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик тажрибасини ўргандилар. Хусусан, “Kambel” электробус корхонаси, “Uz-Tian jiao xong an”, “FAW Truck”, “Sanchuan” сув ҳисоблагичлар корхонаси, “Andijon Jinlun” GES, “Longping-Bereke” МЧЖ, “Çinobod real biznes” корхонаси ҳамда “Baxt-Imkon-Rivoji” фермер хўжалигида дуал таълимни ташкил этишнинг амалий жиҳатлари ўрганилди. Шунингдек, иштирокчилар Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, институт қошидаги Стоматология ўқув-амалий маркази, “Makro City Farm” ва “Makro Farm” корхоналарида бўлиб амалий тайёргарлик жараёнлари билан танишдилар.

Институт клиникасидабўлажак шифокорларни клиник амалиёт орқали тайёрлаш, талабаларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш ва замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш борасидаги ишлари кўздан кечирилди. Дуал таълимни ривожлантириш, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш ҳамда Германия тажрибасини ўқув жараёнига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида дуал таълим тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, кадрлар тайёрлаш жараёнида таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлиги, талабалар амалиётини самарали ташкил этиш ҳамда Германия тажрибасини миллий таълим тизимига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, масъул мутахассислар томонидан “Дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда бу борада олий таълим ташкилотлари олдида турган устувор вазифалар”; “Андижон вилоятида дуал таълимни ташкил этиш: амалий тажриба, натижалар ва мавжуд муаммолар”; “Корхоналарнинг дуал таълимдаги иштироки: кадрлар буюртмаси, талабалар амалиёти, мураббийлик ва иш ҳақи”; “Дуал таълим масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда ҳудудий ҳокимликларга бириктирилган маслаҳатчи ректорлар олдида турган устувор вазифалар тўғрисида”; “Германия дуал таълим тизими: ҳуқуқий асослар, бошқарув модели ва талабаларни қабул қилиш механизмлари”; “Олий таълим ва корхона ҳамкорлиги: касб стандартлари, таълим дастурларини ишлаб чиқиш, назарий ва амалий таълимни уйғунлаштириш ҳамда талабалар назорати” каби мавзуларда маъруза ва тақдимотлар ўтказилди.

Мулоқот ва тажриба алмашиш жараёнларида дуал таълимни ривожлантириш, олий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос, амалий кўникмаларга эга рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилади.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Андижон вилоятида 11 минг нафар талаба 2 мингта корхонада дуал таълим асосида амалиёт ўтамоқда. Эътиборлиси, уларнинг айримлари амалиёт давомида ойига 7 миллион сўмгача иш ҳақи олмоқда.
Халқаро анжуман доирасида меҳмонлар Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида бўлиб, бу ерда йўлга қўйилган дуал таълим жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш ҳамда таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Андижон давлат тиббиёт институтининг 2000 ўринли ўқув биноси, талабалар учун яратилган замонавий таълим шароитлари ва кенг имкониятлар ҳам меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.

Анжуман иштирокчилари тиббиёт институти қошидаги Стоматология ўқув-амалий марказида бўлдилар. Меҳмонлар замонавий стоматологик ускуналар, махсус жиҳозланган ўқув хоналари ва амалий машғулотлар жараёни билан танишиб, бўлажак стоматологларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, клиник кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларни реал иш жараёнига тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларни эътироф этдилар. Шунингдек, институтнинг Симуляция ва аттестация марказида тиббий робот-симуляторлар ва замонавий симуляцион технологиялардан фойдаланиш орқали талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш имкониятлари ҳам намойиш этилди.
Ушбу марказда талабалар турли клиник вазиятларни моделлаштириш орқали амалий тиббий кўникмаларни ўзлаштириш, мураккаб ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш ва касбий маҳоратини ошириш имкониятига эга. Шунингдек, симуляцион технологиялар бўлажак шифокорларнинг амалий тайёргарлигини баҳолаш ва уларнинг касбий компетенцияларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Гули АБДУЛАҲАТОВА.
