Атрофга назар

Адолат ва масъулият: суд харажатларини ундириш — қонунийликнинг муҳим кафолати


23.11.2026   8

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом эттирилмоқда. Ҳар бир фуқаро одил судловга ишонч билан мурожаат қилар экан, қонун устуворлиги ҳар бир масалада — низонинг моҳиятидан тортиб, процессуал харажатларни қоплашгача бўлган жараёнларда сўзсиз таъминланишини кутади. Зеро, ўзганинг ҳуқуқини поймол қилган ёки қонуний талабни ихтиёрий бажаришдан бош тортган шахснинг суд харажатларини қоплаши адолат тамойилининг узвий қисмидир.

Яқинда Жиззах вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган фуқаролик иши бунинг яққол мисоли бўла олади. Иш ҳужжатларига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг ўзига тегишли мол-мулкларни олиб бериш ҳақидаги талаби қонуний ва асосли деб топилиб, қаноатлантирилган. Бироқ суднинг ушбу қароридан норози бўлиб мурожаат қилган жавобгар апелляция шикоятида асосий мол-мулкларни қайтариш қисмига эътирози йўқлигини билдириб, фақат ўзидан даъвогар фойдасига ундирилиши белгиланган суд харажатларидан норозилигини важ қилиб кўрсатган.

Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати шикоят важларини қонун нормалари ва иш материаллари асосида чуқур таҳлил қилиб, биринчи инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 127, 128, 138 ва 141-моддаларига мувофиқ, даъвогар томонидан олдиндан тўланган давлат божи ва почта харажатлари қаноатлантирилган даъво талабларига мутаносиб равишда жавобгардан ундирилиши қонуннинг қатъий талаби эканлиги ўз исботини топди. Чунки низоли мол-мулкларни ўз ихтиёри билан қайтариб бермаган шахс, табиийки, иккинчи тарафнинг судга мурожаат қилишига ва ортиқча маблағ сарфлашига сабабчи бўлади. Шу боис ҳақли тарафнинг кўрган чиқимларини қоплаш мажбуриятидан қочишга уриниш қонунга ҳам, инсоф мезонларига ҳам зиддир.

Эътиборли жиҳати, суд жараёнида яна бир муҳим ҳолат аниқланди. Жавобгар томонидан апелляция шикояти берилганда қонунчиликка мувофиқ тўланиши лозим бўлган давлат божи ва почта харажатига доир тўлов патталари (квитанциялари) шикоятга илова қилинган бўлса-да, тегишли ахборот тизими орқали текширилганда мазкур суммалар амалда тегишли ҳисоб рақамларига келиб тушмаганлиги маълум бўлди. Қоғозда акс эттирилган, аммо амалда бажарилмаган бу каби ҳолатлар судлов ҳайъатининг эътиборидан четда қолмади. Судлов ҳайъати процессуал қонунчилик талабларига қатъий амал қилган ҳолда, нафақат шикоятни қаноатлантирмади, балки жавобгардан тўланмай қолган тегишли давлат божи ва почта харажатларини ундиришни қатъий белгилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, фуқаролар ўзганинг қонуний ҳуқуқларини тан олмасдан, низоли масалаларни ўз вақтида ва ихтиёрий равишда ҳал этишдан бош тортишлари, шунингдек, асоссиз қаршилик кўрсатишлари келгусида ишнинг суд муҳокамасига чиқишига ҳамда ортиқча вақт ва молиявий сарф-харажатларга тушишларига олиб келади. Бу каби суд амалиёти қонун устуворлигини таъминлашда ҳеч қандай майда ёки эътибордан четда қоладиган масала йўқлигини кўрсатади. Зеро, чинакам адолат нафақат асосий низони тўғри ҳал этишда, балки фуқаронинг суд орқали ҳуқуқини тиклаш йўлида қилган ҳар бир харажати ўрнини қоплаш ва қонун талабларига сўзсиз риоя этишда ҳам ўз аксини топади.

Ш.ОМОНОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси