Атрофга назар

Фаолият ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда янги босқичга олиб чиқилади


23.11.2026   156

Шиддат билан кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Мамлакат иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланиб, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратилаётир. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи тобора юксалиб бораётгани юртдошларимиз ҳаётида яққол намоён бўляпти. Бундай тарихий ўзгаришлар шароитида фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ва эртанги кунга бўлган ишончи ҳар қачонгидан ҳам юқори эканлиги қувонарли.

Ана шундай динамик тараққиёт ва замонавий чақириқлар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) олдига ҳам ўз фаолиятини бугунги кун талабларига мос равишда такомиллаштириш, дастурий мақсадларини янгилаш ва электорат билан ишлашнинг янада самарали механизмларини жорий этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Айни стратегик масалалар жорий йилнинг декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган партиянинг олий органи - навбатдаги Конгрессининг бош мавзусига айланади.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 19 ноябрь куни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг навбатдаги Конгрессини чақириш ва уни юқори ташкилий-сиёсий савияда ўтказиш тўғрисида муҳим қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан республикамизнинг барча ҳудудларида - энг қуйи бўғинлардан бошлаб юқори ташкилотларгача ушбу йирик сиёсий тадбирга қизғин тайёргарлик жараёнларига старт берилди.

Жумладан, 23-25 ноябрь кунлари Андижонда партиянинг барча туман ва шаҳар ҳамда вилоят кенгашларининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.

***


Балиқчи туманидаги IT марказида ўтган ЎзЛиДеП конференциясида партия дастури жамиятнинг қайси қатламлари манфаатларини қамраб олиши кераклиги ҳақида сўз борди. Суҳбат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан бирга, ёшлар, хотин-қизлар, ишчи-ходимлар, ўқитувчи ва шифокорларнинг таклифларини партия фаолиятида қандай акс эттириш масаласини ҳам қамраб олди.

Тумандаги 75 та бошланғич партия ташкилоти 13 275 нафар аъзони бирлаштиради. Конференцияда қуйи бўғинларда илгари сурилган таклифлар, партия сафларига ташаббускор инсонларни жалб қилиш ва турли касб эгалари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари Балиқчи туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутати Дилрабо Исомиддинова тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилиш партиянинг асосий йўналишларидан бўлиб келганини таъкидлади. Унинг фикрича, бугун партия олдида турли соҳаларда меҳнат қилаётган инсонларнинг муаммоларини чуқурроқ ўрганиш ва уларнинг ечимида фаол иштирок этиш вазифаси турибди.

– Партиянинг кучи фақат аъзолари сони билан эмас, балки қанча инсоннинг ишончини қозонгани, уларнинг муаммоларини қанчалик яхши билгани ва ечими учун қанчалик ҳаракат қилаётгани билан белгиланади, - дейди Дилрабо Исомиддинова.– Бугунги конференцияда ҳам партия сафини кенгайтириш, янги ташаббускор инсонларни жалб қилиш, турли соҳа вакиллари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Конгрессда бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб олиниши муҳим.

Анжуманда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва маҳаллий Кенгашдаги депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Муҳокамада аҳоли кўтараётган масалаларни жойида ўрганиш, уларнинг ечими бўйича ижро ҳокимияти органларига аниқ таклифлар киритиш ҳақида фикр алмашилди. Кун тартибидан вилоят Конференциясида туман манфаатларини ифода этадиган делегатларни сайлаш масаласи ҳам ўрин олди.

Балиқчида билдирилган таклифлар вилоят партия Кенгаши конференциясида бошқа туман ва шаҳарлардан келган ташаббуслар билан бирга кўриб чиқилади. Умумлаштирилган таклифлар янги Сиёсий дастур лойиҳаси юзасидан навбатдаги Конгресс муҳокамасига олиб чиқилади.

***

Партиянинг Марҳамат туман конференцияси ҳам қизғин ўтди.Унда 2024-2026 йиллардаги фаолият якунлари ва келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Туманда партиянинг 66 та бошланғич ташкилоти 11 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштирган ҳолда ислоҳотлар ижросини таъминлаб келмоқда. Туман кенгаши раиси Бахтиёржон Абдуллажоновнинг таъкидлашича, 2024 йилда партия сафидаги аъзолар сони 6 минг 540 нафарни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич11 минг 690 нафарга етди. Шундан аёллар сони 4 минг 792, ёшлар сони эса 5 минг 135 нафарни ташкил қилади.

Партиянинг депутатлик гуруҳлари томонидан ҳисобот даврида186 та депутатлик сўровлари амалга оширилиб, 24 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилган.

Туман Кенгашлари сессияларига ҳар йили камида 6-7 тадан долзарб масалалар юзасидан таклифлар киритилиб, маҳаллий Кенгашларнинг тегишли 20 та қарор қабул қилинишига эришилди.

Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларига туманда ишбилармонлик муҳитини рағбатлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, мулкдорлар сафини кенгайтириш, тадбиркорлар, фермерлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларнинг манфаатларини ҳимоя қилишгақаратилган 4 дан ортиқ долзарб масала киритилган ҳамдауларнинг ечими бўйича тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Партия ўз фаолияти давомида мулк эгалари бўлган ўрта синф вакиллари – тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасида сезиларли сиёсий тажриба тўплади.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасини янада ривожлантириш, инвестициялар кўламини ошириш, фермерлар ва хизмат кўрсатиш соҳасини вакилларининг манфаатларини ҳимоялаш борасида муайян тадбирлар амалга ошириб келмоқда. Шу билан бирга тадбиркорлар, фермерлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларига ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш тизимли йўлга қўйилган.

“Бир депутат – 100 аёлга қўмакчи”, “Ишбилармон аёл”, “Фаровон оила”, “Бунёдкор аёл”, “Дурдона”, “Соғлом оила-мустаҳкам оила” каби бир қатор лойиҳалар ҳам натижадорлиги билан аҳамиятга молик.

Партия электорати манфаатларини ишончли ҳимоялаш, аъзолар сафини кенгайтиришга, энг муҳими, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишни ўзининг устувор вазифаси деб ҳисоблайди.

***

Булоқбоши, Избоскан, Қўрғонтепа ва бошқа туманлардаги конференциялар ҳам юқори ташкилотчилик руҳида ўтди.Конференциялар кун тартибидан қуйидаги устувор йўналишлар ўрин олган: Партия Конгрессига ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этаётган, ўз соҳасида юқори натижаларга эришган тадбиркорлар, фермерлар, зиёлилар, ёшлар ва хотин-қизлар орасидан энг муносиб вакилларни демократик тамойиллар асосида сайлаш; аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўйлантираётган долзарб масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш; ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан ижро ҳокимияти органлари олдига аниқ таклиф ва депутатлик сўровларини қўйиш; партия фаолиятига замонавий бошқарув ва тарғибот усулларини кенг жорий этиш, Конгрессда кўриб чиқиладиган дастурий ҳужжатлар юзасидан қуйи бўғинларнинг таклифларини умумлаштириш.

Таъкидлаш жоизки, жойларда ўтказилаётган мазкур йиғилишлар шунчаки ташкилий тадбир эмас, балки партиянинг ўз сафларини таҳлил қилиши, электорат билан алоқаларини янада мустаҳкамлаши ва мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириши учун муҳим сиёсий майдон вазифасини ўтамоқда.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.