Андижонда

АДИРДА МАХСУС ҚУРИЛГАН ЗАВОД НЕГА ТЎЛА ҚУВВАТ БИЛАН ИШЛАМАЯПТИ?


23.01.2022   800

Хонадонингиздан ёки иш жойингиздан чиққан чиқинди экологияга қанчалик зарар етказади? Уни қайта ишлаш мумкинми? “Тозалик посбонлари”нинг хизмат ҳаққини ўз вақтида тўлаяпсизми? Кўпчилик бу саволларга бирдан жавоб бера олмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирилигича қоляпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндилари йилдан йилга кўпайиб боряпти. Дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳисобланади. Уни қайта ишлаш энергия ва хомашёни сезиларли даражада тежайди. Статистик маълумотларга кўра, Японияда резина ва кабелъ буюмларининг 34 фоизи, шиша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинаркан.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, кейинги вақтда иқтисодиёт соҳаларида ва аҳоли пунктларида ҳосил бўладиган маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологиялар қўлланиладиган ишлаб чиқаришларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

Вилоятимизда бу йўналишда аввалроқ иш бошланган. Биргина Андижон шаҳрида янги тизим яратилгани, чиқинди йиғиш майдончаларининг ташкил этилгани ва маиший чиқиндиларни ташиш мунтазам йўлга қўйилгани эътиборли. Айтиш мумкинки,“ANDIJON SPECIAL ECO TRANS”масъулияти чекланган жамияти Андижон шаҳарида бу ҳаракатнинг ташаббускори бўлди. 29 та МФЙ мазкур корхонага бириктирилган бўлиб, ҳар ойда аҳолига 318 миллион сўмлик хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Ҳар бир хонадонга ҳафтада бир-икки маротаба борилади.

Тўғри, аввалига фуқароларни бунга ўрганиши қийин кечди. Кўрсатилган хизмат учун киши бошига бир ойда атиги 2 минг 500 сўм тўланишини билса-да бундан бош тортувчилар ҳам бўлди. Яна белгиланган вақт ва ажратилган жой қолиб, истаган жойига чиқиндиларни ташлаб кетувчилар ҳам йўқ эмасди. Бу ўз ўзидан шаҳарнинг чиройига доғ туширади.

Вақт ўтиб барча бирдек тушуниб боряпти. Ўз кўчаси, маҳалласининг тозалигиучун курашувчилар сафи кенгаймоқда.Айтайлик, сизни кўчангизда йиғилган чиқиндивақтида олиб кетилмади. Бу соҳа мутасаддилари томонидан электрон назорат қилиб борилади. Мурожаатингиз ҳам шу тартибда ўз вақтида ижросини топади.

Олдинда йиғилган чиқиндиларни қайта ишлаш вазифаси турарди. 2018-йили айни шу мақсадда “ANDIJON SPECIAL ECO TRANS”масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Умумий қиймати 50 миллиард сўмлик лойиҳа асосида Андижон тумани ҳудудидаги адирликда чиқиндини қайта ишлаш заводи барпо этилди. Янги мажмуада кластер усулида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кўзда тутилган. Мисол учунзаводда кунига 5 тонна қоғозни қайта ишлаш мумкин.Чиқиндидан ишланган 1 кг. қоғознинг баҳоси ўртача 4 минг сўм. Энди бу қанча даромад бўлишини ўзингиз ҳисоблаб кўринг.

Шу каби корхона соатига 300 кг. полиэтиленни қайта ишлаш қувватига эга бўлгани ҳолда 2021 йилда бу атиги 200 тоннани ташкил этди. Натижада бор йўғи 60 мииллион сўм даромад қилинди. Бу, иш ҳақи ва сарфланган электр энергия учун ҳам етмайди.

Шу ўринда савол туғилади: 2018 йилда қурилган завод нега ҳалигача тўла қувватда ишламаяпти?Келтирилган дастгоҳлардан қачон фойдаланилади?

-Буни бир неча сабаблари бор,-дейди корхона раҳбари Шамсиддин Ҳасанов.- Биринчи навбатда жой танлашга эътиборсизлик билан қаралган. Ҳалигача бу ерга сув тармоғи тортилмаган. Ахир чиқиндиларни қайта ишлаш учун сув жуда зарур. Яна бир катта муаммо етарли чиқинди мавжуд эмаслиги. Тўғри, МФЙлардан кунига 120 тонна чиқинди марказий чиқинди тўкиш жойига ташиб келтирилади. Бироқ буоз. Қолаверса, қайта ишлаш мумкин бўлгани жуда кам. Андижон шаҳридаги атиги 300 та корхона ва ташкилотлар биз билан шартнома қилгани ҳам ачинарли. Нима, қолган субъектлардан чиқинди чиқмайдими? Фақат масалага ўнг кўз билан қараш лозим. Ахир тозаликни таъминлаш билан ўз саломатлигимизни ҳам сақлаймиз...

Ш. Ҳасановнинг куйинганича бор. Шундай катта шаҳарда заводни ишлаши учун етарли “ҳом ашё” бўлмаса? Бор, бироқ амалдаги қонунларимизга зид равишда бу турдаги фаолият билан ноқонуний равишда шуғулланувчилар бунга тўсиқ бўлмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда ана шу “тадбиркорлар” фақат қайта ишлаш мумкин бўлган чиқиндиларни ажратиб олиш билан чекланади. Қолгани жойида қолаверади.

Айтаверсак гап кўп. Хулоса шуки,тозаликка эришиш ва юқоридаги завод фаолиятини йўлга қўйишдолзарб масала. Яна чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда экологик тарбия ва тарғиботни самарали ташкил этиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш зарур.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Сарварбек Зухриддинов олган суратлар.