Атрофга назар

Уйғоқ тафаккур ва амалий ҳаракат: бугунги замон зиёлиси ким?


16.11.2026   471

Бугунги шиддатли замонда давлатнинг ҳақиқий қудрати фақат ер ости бойликлари ёки иқтисодий рақамлар билан эмас, балки одамларнинг фикрлаш тарзи, маънавияти ва янгилик яратиш қобилияти билан ўлчанмоқда.

Шу нуқтаи назардан, биз ўзи кимни зиёли деб атаймиз ва уларнинг жамиятдаги асл вазифаси нимадан иборат, деган табиий савол ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Халқаро тилдаги “интеллигенция” сўзи ақлли ва билимли киши деган маънони билдирса, ўзимизнинг “зиёли” тушунчаси бевосита нур, илм ва маърифат тарқатувчи инсонни англатади.

XX аср бошларида маърифатпарвар жадид боболаримиз тилимизга олиб кирган бу атама мураккаб вазиятларда тўғри йўл топа оладиган, воқеалар моҳиятини тез англайдиган ва ақл-фаросат билан иш тутадиган инсонларга нисбатан қўлланилган.

Тарихан жамиятда ақлий меҳнатга эҳтиёж ортиши билан одамларга илм ўргатувчи муаллимлар, шифокорлар, ёзувчи ва санъаткорлардан иборат зиёлилар қатлами шаклланган.

Бироқ, бугунги кунга келиб, шунчаки олий маълумотли бўлиш, кўп китоб ўқиш, илмий унвон ёки юқори лавозим эгаллашнинг ўзигина кишини ҳақиқий зиёли бўлиши учун етарли эмас.

Дунё олимлари ва мутафаккирлари таъкидлаганидек, зиёли инсон жамият ҳаётида фаол ва идрокли куч бўлиши, унда мустақил фикр, эл-юрт олдидаги масъулият, холислик ва танқидий қараш устувор туриши зарур. Демак, чинакам зиёлилик фақат билим тўплаш эмас, балки турли хурофотлардан ва очкўзлик, шафқатсизлик каби иллатлардан пок бўлиб, бор билимини одамлар ҳаётини яхшилашга сафарбар этишдир. Шундагина маърифат эгаси миллат виждони, унинг хотираси посбони ва маънавият таянчига айланади.

Бугун сунъий интеллект ва технологиялар шиддат билан ривожланаётган, тинимсиз ахборот оқими эса чуқур билимни юзаки фикрлар билан алмаштириб қўяётган бир пайтда зиёлилар зиммасига янги масъулият юкланмоқда. Бундай шароитда улар миллий анъаналар ва замонавийлик, илм-фан ва халқ эҳтиёжлари ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиши лозим.

Айни шу мақсадда мустақил Ватанимиз тарихида илк бор жорий йилнинг ноябрь ойида барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида кенгаш йиғилишлари ташкил этилди.

Хусусан, 10–11 ноябрь кунлари Андижон вилоятида ўтган мулоқотларда ҳам пойтахтдан келган таниқли олим ва ижодкорлар, шифокор, журналист, миллий-маданий марказлар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда фаол ёшлар билан бир даврада жам бўлдилар.

Одатий расмиятчиликдан холи ўтган бу учрашувлар турли соҳа вакилларини еттита йўналиш атрофида бирлаштириб, очиқ мулоқот майдонини яратди. Андижон давлат университети профессори Абдулҳай Собиров таъкидлаганидек, жамиятни янгилаш учун, аввало, инсонлар онгини ўзгартириш зарур, бу улуғвор жараёнда эса зиёлиларимиз одамларни ортидан эргаштирувчи асосий куч – чинакам “локомотив” бўлиши керак.

Қизғин баҳс-мунозараларда инсон қадри ва миллий қадриятларни улуғлаш, оила ва маҳаллада тарбияни кучайтириш, шунингдек, технологиялар таъсирида узоқлашиб бораётган ёшлар ва кекса авлод ўртасидаги меҳр-оқибат ҳамда инсонийлик ришталарини мустаҳкамлаш масалалари ўртага ташланди.

Хусусан, “Меҳримиз сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Халидахон Мирзараҳимова бугун маҳаллаларда боқимандалик кайфияти камайиб, касб ўрганиш, тадбиркорлик қилиш ва фарзандини ўқитишга интилаётган аёллар кўпаяётганини, бундай ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашда зиёлилар ягона жамоа бўлиб ҳаракат қилиши муҳимлигини қайд этди.

Айниқса, фарзандларимизни интернетдаги ёлғон ва зарарли ахборотлардан асраш, она тилимизнинг қадрини кўтариш ва китобхонликни кучайтириш, қолаверса, меҳнат миграциясининг оилалар тарбиясига таъсири ва хориждаги ватандош олимларнинг билимини юртимиз ривожига жалб этиш бўйича ўринли ва амалий таклифлар билдирилди.

Бугун жамиятнинг ақлий салоҳияти қуруқ ҳисоботлар, дипломлар ёки баландпарвоз гаплар билан эмас, балки ўртага ташланаётган ғояларнинг оддий одамлар кундалик турмуши ва таълим сифатига қанчалик фойдаси тегаётгани билан ўлчанмоқда.

Бу ўзини зиёли деб билган ҳар бир инсондан тор кабинетлар ва мажлис залларидан чиқиб, халқ ичига киришни, ўзига “Эл-юрт маърифати, ёшлар тарбияси ва Ватан равнақи учун шахсан мен нима қилдим?” деган виждон саволини беришни талаб этади.

Келажакни фақат орзу қилиш билан иш битмайди – уни чуқур билим, ҳалол меҳнат ва уйғоқ тафаккур билан қуриш керак. Замонга шунчаки мослашиб қолмасдан, унинг эртанги кунини яратишга қодир бўлган, илмини амалий натижага айлантириб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган фаол зиёлиларгина Янги Ўзбекистон миллий юксалишининг ҳақиқий таянчи бўла олади.

Фарҳодбек Отахонов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари