Атрофга назар

Алимент – фарзанд учун тўлов, оталик мажбурияти демак


02.06.2025   320

Ҳаёт ҳамиша қувонч ва шодликдан иборат эмас. Шундай вазиятлар бўладики, ҳар қандай оилада ҳам эр-хотин ўртасида тушунмовчилик ёки можаро юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Баъзан жиддий омиллар туфайли, гоҳида эса арзимас сабаб билан ҳам бир оиланинг пароканда бўлиб кетишига теварак-атрофимизда мисоллар талайгина.

Оила барбод бўлгач, вақтлар ўтиб, эркак ҳам, аёл ҳам тақдир синовларига кўникиб кетиши табиий. Бироқ ўртадаги фарзанд камолоти, келажагига нисбатан икки томон ҳам ҳамиша бирдай масъулиятли бўлади деб айта олмаймиз. Айниқса, бугун аксарият оталар ўз дилбандининг моддий таъминотини хаёлига келтирмаганлиги оқибатида судларга алимент ундириш юзасидан келиб тушаётган аризалар юқоридаги фикрни яққол тасдиқлайди.

Мана, бир мисол. Даъвогар Мардона Хўжаева (исм-фамилиялари ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, бир нафар фарзандига нисбатан жавобгар Икром Эшматовнинг оталигини белгилаш ва алимент ундиришни сўраган. У ўз даъвосида жавобгар билан 2023 йили шаръий никоҳ асосида турмуш қурганлигини, биргаликдаги турмушларидан қиз фарзанди борлигини, ўзаро келишмовчиликлар сабабли эр-хотин 2024 йил августдан буён бирга яшамай, ажрашиб кетганлигини, ўрталарида қонуний никоҳ бўлмаганлиги сабабли фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини ўзининг фамилиясига олганлигини, шунингдек, турмуш ўртоғи фарзандининг моддий таъминотидан умуман хабар олмаганлигини маълум қилиб, даъвосини қаноатлантиришни сўраган.

Суд масалани, хусусан, тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, уларни атрофлича муҳокама қилиб, Мардона Хўжаеванинг “Оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақида”ги даъвосини қаноатлантирди.

Баъзан суд ҳужжатига кўра, зиммасига алимент тўлаш мажбурияти юклатилган жавобгарлар айни тақиқ сабаб хорижга ишлаш учун ёки хизмат сафари юзасидан чиқа олмаётганлигини айтиб, муаммони бартараф этишни сўраб мурожаат қиладилар. Масалан, Элмурод Маҳкамов судга ариза билан мурожаат килиб, фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг 2024 йил 7 мартдаги суд буйруғига асосан, Каримахон Музаффарова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда топган даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгилангани, иш юзасидан чет давлатда малака ошириши кераклиги, бироқ алимент сабаб тақиқ қўйилганлигини билдириб, алиментни бир йўла тўлаш ҳақида ижро этиш усули ва тартибига ўзгартириш киритишни сўраган.

Суд аризачи, яъни қарздор ҳамда ундирувчининг фикрларини тинглаб, масалани атрофлича ўрганиб, Элмурод Маҳкамовнинг “Ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақида”ги аризасини қаноатлантиришни лозим топди. Яъни қарздор томонидан 2024 йил 1 июндан 2029 йил 31 майга қадар 121 миллион 464 минг 374 сўм миқдоридаги маблағ бир йўла 10 кун муддатда тўланиши белгиланди.

Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминоти бериши шарт. Шунингдек, ушбу кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун - тўртдан бир қисми; икки бола учун - учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, алимент фарзанднинг вояга ет­гунига қадар бериладиган тўлов, яъни ота-оналик мажбуриятидир. Ўртадаги муносабатларда дарз кетган тақдирда ҳам, ота-она фарзанди олдидаги ушбу бурч ва мажбуриятини юракдан ҳис этса, алимент ундириш учун судлашишга ҳожат қолмайди.

Рустамжон Султонов,

фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди раиси