Амир Темур тадбиркорларга кредит берганини биласизми?
06.04.2026 13
Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги, маънавияти ўзининг салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи ва таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Темурийлар даврида фан, маданият ва таълим юксак равнақ топганлиги тарихий манбаалардан маълум.
Унинг “Темур тузуклари” буюк давлатни стратегик бошқарувининг мукаммал моделидир. Саркарда “Куч – адолатдадир” тамойили асосида: “Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини эса қилич билан амалга оширдим”, дея қайд этади.
Темур даврида Буюк Ипак йўлининг хавфсизлиги таъминланиб, Европа ва Осиёни боғловчи савдо йўллари назорат қилинган. Давлатнинг қудратини қурилиш ва ободончилик орқали намоён этган. Бу хусусият Самарқанд, Шаҳрисабз каби шаҳарларни дунёнинг энг гўзал марказларига айлантирилганлигида кўринади.
Буюк давлат арбоби камбағаллар ва муҳтожлар аҳволидан доимий хабардор бўлишни давлатнинг бурчи деб билган. Ҳар бир шаҳарда етимлар, майиб-мажруҳлар учун садақахоналар ташкил этган, уларга нафақа тайинланган. Ҳар бир муҳтожга иш ёки бошпана берилган.
Темур давлат иқтисодий қудратини оширишда тадбиркорлар (савдогарлар) ва ҳунармандларни жамиятнинг энг муҳим бўғинларидан бири деб ҳисоблаган. Унингтужжорларга бўлган муносабати, ҳуқуқий ҳимояси ва уларга яратган шароитлари жуда юқори бўлган. “Дунёнинг ободлигини таъминловчи кишилар”нинг хавфсизлиги учун қатъий қонун-қоидалар ўрнатган.
Савдогарларнинг қулай ҳаракатланиши учун улкан қурилиш ишлари олиб борилган, савдо йўллари доимий таъмирланган ва кенгайтирилган, савдо айланмаси кескин ошган. Хитойдан Европагача бўлган савдогарлар Темур салтанати орқали ўтишни энг хавфсиз ва қулай йўл деб билишган.
Темурнинг халқаро дипломатия ва “Очиқ эшиклар” сиёсатининг юқори даражада бўлганини унинг бошқа давлатлар раҳбарларига йўллаган мактубларида савдогарларни қўллаб-қувватлашга чақирганида кўриш мумкин. Масалан, 1402 йилда Франция қироли Карл VI га йўллаган мактубида шундай деган: “Ўз савдогарларингизни биз томонларга юборинг. Бу ерда уларга иззат-икром кўрсатилади. Бизнинг савдогарлар ҳам сизнинг юртингизга борганда, уларга нисбатан куч ишлатилмасин ва ҳурмат қилинсин”.
Ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳам Темур давлатининг асосий йўналишларидан бири бўлган. Ҳар бир фатҳ этилган ҳудуддан энг малакали ҳунармандларни (тўқимачилар, заргарлар, қуролсозлар, меъморлар) Самарқандга олиб келган. Натижада Самарқанд ўша даврнинг нафақат сиёсий, балки энг йирик ишлаб чиқариш ва савдо хабига айланган.
“Темур тузуклари”да савдогарларни “салтанат корхонасининг иш юритувчилари” деб атаган. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали хазинани бойитган. Давлат томонидан тадбиркорнинг хавфсизлиги биринчи галдаги вазифа деб белгиланган. Агар савдогарнинг моли ўғирланса ёки қароқчилар томонидан олиб қўйилса, зарарни ўша ҳудуд ҳокими ёки давлат хазинаси қоплаган. Бу дунё тарихидаги илк “давлат суғуртаси” эди. Темур даврида кимки қаровсиз ерни обод қилса ёки янги ишлаб чиқариш бошласа, ундан 3 йилгача солиқ олинмаган.
Амир Темур давлатни бошқаришда иқтисодий барқарорликка ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратган. Буюк давлат арбоби ўз даврида тадбиркорларга молиявий кўмак кўрсатган. Яъни, ҳозирги тилда айтганда, кредит маблағлари берган.
Хусусан, савдогар ва ҳунармандларни уч тоифага бўлиб, ёрдам кўрсатган: сармоясидан айрилган савдогарлар, агар бирор савдогар ўз маблағини йўқотиб қўйса, унга давлат хазинасидан ўз ишини қайта бошлаши учун етарли миқдорда сармоя берилган; иши юришмаган тадбиркорлар, маблағи камайиб қолганларга ишини юргизиб олиши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ёки хомашё олишга кўмак берилган; чет эллик савдогарлар, бошқа давлатлардан келган савдогарларга божхона имтиёзлари берилган ва уларнинг хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган.
Бундан ташқари, деҳқончилик билан шуғулланувчилар учун ҳам ўзига хос “кредит” тизими мавжуд эди: илк ҳосилгача кўмак, ташров (қаровсиз) ерларни ўзлаштирган тадбиркорларга биринчи йили ҳеч қандай солиқ солинмаган; уруғлик ва озуқа, деҳқонларга ерни ҳайдаш учун керакли уруғлик, бўйинтуруқ (иш ҳайвонлари) ва асбоб-ускуналар берилган; суғориш тизими, давлат ҳисобидан янги каналлар ва ариқлар қазилиб, ернинг унумдорлиги оширилган.
Унинг сармоялари натижасида тадбиркор ишини ўнглаб олганидан сўнг, бўлиб-бўлиб қайтариш имкони бўлган, яъни ўзини ўнглаб олишига имкон яратилган.
27 мамлакатдан таркиб топган буюк салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, улуғ саркарда, илму маданият ҳомийси, ҳақ ва адолатнинг жасоратли яловбардори сифатида миллий давлатчиликда, ҳуқуқ ва сиёсат соҳасида ўзидан унутилмас ва барҳаёт таълимотлар, тузуклар қолдирган.
Қизлархон ЖАББОРОВА,
ЎзДЖТУ инглиз тили биринчи факультети катта ўқитувчиcи.
