Андижонда

«АНДА ЖОНИМ ҚОЛДИ МЕНИНГ...»


14.02.2023   525

Бобур Мирзо 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилган, айни кун буюк бобокалонимиз таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонламоқдамиз. Шу муносабат билан бугун навқирон Андижонда бобурхонлик тадбирлари қизғин давом этаётир. Уларда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё бобуршунос олиму уламолари, илм ва ижод вакиллари, кексаю ёшлар фаол иштирок этмоқдалар.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан вилоятимизда ташкил этилган тантанали тадбир аввалида буюк аллома, адиб ва саркарда Бобур Мирзонинг муҳташам ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, буюк сиймосига юксак ҳурмат кўрсатилди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган, миллатлараро тотувлик ва дўстлик куйчиси бўлган Бобур турли дин ва миллатлар макон топган Ҳиндистонни бирлаштиргани, шу билан бирга халқ ягона давлатда тинч, хотиржам, жипслашиб яшаши учун имкон яратганини қайд этди. Буюк саркарданинг ҳарбий санъати юксак эътирофга сазоворлиги таъкидланиб, бугунги кунда мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад йўлида янги Бобур ва бобурийларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароит яратилаётганлигини, бой илмий-адабий мероси асрлар оша авлодларга кўзгу бўлаётганини эътибор билан таъкидладилар.

“Не ерда бўлсанг, эй гул, андадир чун жони Бобурнинг...” дея васф этилган бадиий дастур Андижон тиббиёт институти талабалари томонидан тайёрланган мусиқий композиция билан давом этди.

Кези келганда буюк давлат арбоби Жавоҳарлаъл Нерунинг "Жаҳон тарихига бир назар” номли асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида билдирган қуйидаги фикрларини келтириб ўтишни жоиз, деб топдик. "Бобур-дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмронлигининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган. Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик каби чекланиш ва мутаассибликдан йироқ эди... Бобур санъат ва айниқса адабиётни севарди.”

Дарҳақиқат шундай. Бобурдан олдин бадиий адабиётда ҳеч бир шоҳ ҳам, шоир ҳам кўрган-кечирганларини, ютуқ ва камчиликларини бу қадар ҳаққоний ҳамда дадиллик билан баён этмаган. Ҳа, бу улуғ зот ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар билан юзма-юз яшаб ўтди. Биз ана шундай боболаримиз борлигидан фахрланамиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар Янги Андижон массивида халқаро илмий-амалий анжуман мисолида давом этмоқда.

«Andijonnoma.uz» online гуруҳи.