Андижон павловниялари таровати сайёҳларни чорламоқда
06.04.2026 6
Яшиллик, яшариш фасли Андижонда ўзининг нафосати билан яққол намоён бўлмоқда. Кўчалар, хиёбонлар ва истироҳат боғлари табиатнинг бетакрор либосига бурканган. Айниқса, пушти, бинафша рангли, нозик ва хушбўй гулларга бурканган павловния дарахтлари кўчаларга ўзига хос файз киритиб, табиатнинг нафис манзарасини намойиш этаяпти.
Павловния экологик жиҳатдан ҳам аҳамиятли бўлиб, ҳавони тозалаш ва атроф-муҳитни соғломлаштиришда муҳим ўрин тутади. У дунёдаги энг тез ўсувчи дарахтлардан бири. Одатда унинг баландлиги 10–25 метрга етади. Парфюмерия, қурилиш саноатида ҳам кенг қўлланилади. Мана шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, 2019 йилдан буён вилоятимизнинг турли ҳудудлари, хусусан, Андижон шаҳрига ушбу дарахт кўчатлари экиб келинмоқда. Бугунги кунда вилоят ҳудудида 160 минг тупдан зиёд павловния дарахти мавжуд.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятда ўтган йиллар давомида ўн миллионлаб туп манзарали, мевали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Биргина ўтган 2025 йилда вилоятда 21 миллион 270 минг тупдан ортиқ кўчат ўтказилди. 2016 йилда вилоятнинг яшиллик даражаси 8,3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йиллар давомида ушбу кўрсаткич 14,1 фоизга етди. Бу борадаги ишлар изчил ва тизимли равишда давом этмоқда. 2030 йилга қадар вилоятнинг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Айни кунда гуллаган павловния Андижон шаҳрининг Алишер Навоий, Амир Темур шоҳкўчалари, Олтинкўл, Мустақиллик, Ниҳол, Юсуф Отабеков, Камолот, Тошкент сингари қатор кўчаларга ўзгача чирой, гўзал манзара бахш этмоқда. Андижонда 31 мартдан 5 апрелга қадар бўлиб ўтган “Pavloniya fest – 2026” -“Павловния гуллари остида оқшомлар” фестиваль-сайллари аҳолига кўтаринки кайфият улашди. Фестиваль тадбирлари доирасида шаҳарнинг гўзал ва ўзига хос манзараси, ободлиги тарғиб қилинди. Маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, миллий ҳунармандчилик ва гастрономик кўргазмалар, сайиллар ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, павлония гуллари ички ва ташқи туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Мадинахон САЙФИДДИНОВА,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети филология факультети талабаси,
“Андижоннома” газетаси таҳририяти амалиётчиси.
