Андижон шаҳридаги хонадонларнинг табиий газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида газ қувурлари реконструкция қилинмоқда
06.10.2026 16
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг қурилиш-монтаж бошқармаси томонидан Андижон шаҳридаги “Ўзбекистон” кўчаси бўйлаб 3.5 км газ қувурини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Диаметри 219 мм бўлган янги қувурлари пайвандланиб, ер ости тармоғи сифатида тортилмоқда. Махсус техника воситалари ёрдамида йўл ковланиб, унга газ қувури изоляцияланган ҳолда ётқизиляпти.Мазкур тармоқ шаҳарнинг Бобур шоҳкўчасидан то Ҳақиқат каналига қадар бўлган масофада бўлиши кўзда тутилган.
“..Мазкур тармоқнинг қурилиши натижасида шаҳарнинг “Озодлик”, “Форобий”, “Мустақилликнинг 21 йиллиги”, “Чўлпон 100 йиллиги”, “Сарвонтепа” ҳамда “Узумзор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрамларидаги 4 мингга яқин аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади ва куз-қиш мавсумидан беталофат чиқишига замин яратилади..”, - дейди Филиал Қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Исақов.
Шаҳар газ таъминотини янада яхшилаш, мавсумда аҳолига бир маромда газ етказиб бериш мақсадида амалга оширилаётган мазкур ишлар мутахассислар томонидан қилинган лойиҳалардан биридир. Бунда, “Кўмакай” автоматик газ тарқатиш шохобчасини тармоғига уланиши режалаштирилаётган тармоқ газ босимини бир маромда етказилишида муҳим аҳамият касб этади.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
