Андижонда жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида 25 кмга яқин газ қувурлари мукаммал таъмирланди
12.11.2026 18
Бугунги кунда вилоятимизда 270 мингдан зиёд табиий газ ҳамда 495 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Истеъмолчиларга 5700 км газ қувурлари орқали табиий газ ҳамда 800 мингдан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Бугунги кунда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан истеъмолчиларнинг барча тоифаларига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш ишлари белгилаб олинган. Андижон вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди ва тайёргарлик ишлари якунига етказилди.
Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича 24.5 км газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Хусусан, Андижон шаҳрида 7.0 км, Андижон туманида 2.0 км, Асака туманида 1.8 км, Бўстон туманида 3.5 км,Пахтаободда 4.2 км, Хўжаобод туманида 3.2 км ҳамда Шаҳрихон туманида 2.8 км газ қувурларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган эди.
Шаҳрихон туманидаги “Қашқар” ва “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги диаметри Д-219 мм бўлган газ қувурини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Чунки2 мингдан ортиқ аҳолини табиий газ билан таъминловчи тармоқда сўнгги йилларда газ сизиб чиқиш ҳолатлари кўп кузатилаётган эди ва жорий йилги мавсумга тайёргарлик жараёнида мазкур тармоқни мукаммал таъмирлашни дастурга киритилган эди. Мазкур тармоқнинг 2.8 кмлик қисми ер остида жойлашган бўлиб, йиллар давомида чириш оқибатида қувурга сув тўлиб қолишлари ҳолатлари бўларди. Бу эса газчиларни аҳолини бир маромда газ билан таъминлашларида қийинчилик туғдирарди.Энди тармоқ янгилангач мана шундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди.Мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етгач туманнинг “Қашқар, “Мустақиллик”, “Сарой”, “Пахтакўл” ва “Қўрғонча” МФЙлар ҳудудидаги 2 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газ таъминотидаги муаммолари ечим топадиган бўлди.
Хўжаобод туманидаги “Мустақилликнинг 30 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида 84 та кўп қаватли уйларда 3000 мингдан ортиқ юртдошларимиз истиқомат қиладилар. Ўтган йиллар давомида ҳудуддаги тупроқнинг шўрлиги сабаб ер остидаги газ қувурида емирилишлар ва коррозия ҳолатлари юзага келиб, газ қувуридан газ сизиб чиқиш ҳолатлари кузатила бошланди ва таъминотда муаммоларни келтириб чиқармоқда эди.
“...Ўтган куз-қиш мавсумида хонадонларни газ билан таъминлашда, айрим кўп қаватли уйларга табиий газ етказиб беришда қийинчиликлар туғилди, - дейди “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими муҳандиси Лочинбек Юсупов. – Газ сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этиш вақтида газ қувурларини текширилганда уларда чириш ҳолатлари кузатилди ва уни бартараф этиш учун мукамммал таъмирлаш бўйича дастурга режа киритилган эди...”
Мазкур муаммони ҳал этиш учун тармоқнинг 3.2 км қисмига диаметри Д-100 мм бўлган ер усти газ қувури тортилди. Ҳозирда мазкур таъмирланган тармоққа ҳар бир кўп қаватли уйларнинг ички тармоқлари уланмоқда. Бу эса жорий йилги куз-қиш мавсумидан 3000 дан ортиқ хонадоннинг беталофат чиқишига замин яратади.
Пахтаобод туманидаги “Маданият-1” автоматик газ тарқатиш шохобчаси туман марказидан 18-20 км масофада жойлашганлиги сабабли табиий газ таъминотида, айниқса куз-қиш иситиш мавсумида магистрал газ қувурларида табиий газ босими пасайиши боис аҳоли хонадонларида узилишлар кузатилмоқда эди. Мана шу муаммоларни ечиш ва у орқали аҳолига табиий газни узлуксиз етказиб бериш мақсадида янги газ тармоғи тортилди. “Нодирабегим – Ҳабибий” йўналиши бўйича диаметри D-219 ммюқори босимли газ тармоғи қурилди ва мазкур тармоқ“Уч кўза” МФЙ ўрамидаги юқори босимли тармоққа уланди. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг қурилиш-монтаж бошқармаси томонидан тортилган тармоқ натижасида туман марказидаги “Нодирабегим”,“Қўқонқишлоқ”, “Ҳабибий”, “Шомат”, “Юқори”, “Наврўз”, “Бобур” каби 7 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жами 3000 мингга яқин аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти янада яхшиланиши кўзда тутилган.
Табиий газни етказиб беришда нафақат газ қувурлари балки, газ тарқатиш қурилмаларининг ҳам ўрни беқиёс. Шу кунга қадар вилоятдаги мавжуд 860 дона газ тарқатиш пунктлари соҳа ходимлари томонидан техник кўрикдан ўтказилди ва мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Туманлардаги 30 та ГТПларда мукаммал таъмир ишлари олиб борилиб, хизмат муддатлари янада узайтирилди. Тайёргарлик жараёнида 153.6 км газ қувурлари босим остида синалди ва ҳаво босими ёрдамида тозаланди. Соҳа ходимлари томонидан 203.9 км ер усти газ қувурлари бўёқланиши режалаштирилган бўлиб, амалда 237.9 км қувурлар бўёқланди ва эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. Шунингдек, жорий йилги мавсумга тайёргарлик жараёнида 205.1 км узунликдаги ер ости газ қувурларини ҳолатини махсусасбоб ёрдамида текшириш режалаштирилган эди. Ҳозиргача мутахассислар томонидан 859.4 км газ қувурлар ҳолати текширилиб, режа 103 фоизга бажарилди.
Шу ўринда, истеъмолчиларга куз-қиш даврида газ плиталари, қозонхоналар, каминлар, печлар ва бошқа газ жиҳозларининг хавфсиз ишлаши учун уй хўжаликларидаги дудбўронлар ва шамоллатиш тизимини текшириш зарур ва шарт эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз."Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали фуқаролардан уй ва квартиралардаги газ жиҳозларига техник ва технологик хизмат кўрсатишни, шамоллатиш тизими ва дудбўронларни хизматга яроқлилигини текширишни сўраб қолади. Шунингдек,иситиш мосламалари билан ишлашда жуда эҳтиёткор бўлишларини, хавфсизлик қоидаларига риоя қилишларини, шунингдек исрофгарчиликка йўл қўймасдан "зангори" ёқилғидан оқилона фойдаланишларини илтимос қилади.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
