Атрофга назар

АНДИЖОНИМ - АНДА ЖОНИМ...


20.02.2024   1019

Андижонни ижодкор қалбим билан яхши кўраманми ёки оддий фуқаро сифатидами, деган саволни ўзимга кўп бераман. Ва табиийки, киндик қоним тўкилган гўшамни бошқа гўзал манзиллардан кўра яхшироқ кўришим бу менинг оддий инсоний кечинмам эканига ҳамиша иқрор бўламан. Бу аксаримизга таниш туйғулар.

Юртимнинг ҳар ўзгариши, янгилигидан қувонсам, камчилиги, муаммоларидан азият чекаман. Тезроқ масалалар ечимини топса, юртдошларга енгиллик, яхшилик кўп бўлса дейман, бу энди ижодкорлик қарашларим акс-садоси. Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиеёвнинг 15-16 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи давомидаги жуда кўп янгиликлардан ғоят хурсанд бўлдим. Агар давлатимиз раҳбари илгари сурган ғоялар, лойиҳалар тўла ҳаётга татбиқ этилса, Андижоннинг янги тарихи яратилиши айни ҳақиқат.

Аслида, вилоятимиз кўп соҳаларда, айниқса, қишлоқ хўжалигида мамлакатда намуна. Андижон аҳолиси кўп, ери оз бўлсада, танти халқининг меҳнаткашлиги натижасида азму шижоат билан ташаббускорлик кўрсатиб келаётган инсонлар юртидир.

Тўғри, муаммоларимиз кўп. Айниқса, ишсизлик масаласи бироз оғирроқ. Кейингги йилларда қилинган саъй ҳаракатлар самара берибди, яъни вилоятда ишсизлик 9,1 фоиздан 7 фоизга тушди. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошган. Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткичлар ҳали етарли эмаслигини, яна 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз фаоллар йиғилишида мутасаддиларга 335 минг аҳолини ишли қилиш, тадбиркорлик лойиҳаларига 8 триллион сўм кредит бериш, аҳолини кичик бизнесга кенг жалб қилиш орқали Хўжаобод, Шаҳрихон, Булоқбоши туманларида камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш намунасини яратиш топшириғини берди. Ҳар бир туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, соҳаларни ривожлантириш бўйича кенг кўламдаги аниқ вазифалар белгиланди.

Президент топшириғи билан янги йил бошида Хитой давлатида бўлган вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар хитойлик инвесторлар билан 3 миллиард долларлик 30 дан ортиқ келишув имзолашга эришдилар. Улар энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, фармацевтика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачиликдаги лойиҳаларни тезроқ бошлашга тайёр. Ва бунинг замирида тарих такрорланаяпти, дегим келади. Қачонлардир Буюк Ипак йўли орқали Ғарбни Шарқ билан боғлаган Марказий Осиё, жумладан Андижон яна ана шу тарихий йўл орқали Хитой билан боғланмоқда.

Айнан шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари бу лойиҳани “Ипак йўли” деб атадилар ва бунинг учун Андижон туманида 218 гектарда “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинади. Бу ҳам қанчалаб иш ўринларини яратиш имкони. Ажабмаски, бугун муҳожирликда юрган юртдошларимиз келиб бу жойларда иш билан таъминланса. Бу нафақат моддий, балки маънавий барқарорлик бўларди. Ўз навбатида оила бутунлиги, фарзандлар тарбияси, юрт ишига ҳисса қўшиш каби жудаям зарур маънавий эҳтиёжларнинг ҳам ўрни тўлиб борар эди.

Яна бир эътиборли соҳа, Президентимиз вилоят транзит салоҳиятини ишга солиб, савдо туризмини ривожлантириш зарурлигини қайд этди. Жорий йилда Андижон шаҳри Бобуршоҳ, Олтинкўл кўчаларида гастрономик туризм йўлга қўйилади, Андижоннинг Машраб, Хўжаободнинг Дўстлик, Хонободнинг Нурдиёр ва Келажак овози, Қўрғонтепанинг Соҳибқирон ва Мустақилликнинг 15 йиллиги кўчаларида савдо ва хизматлар марказлари ташкил қилиниши режалаштирилди.

Шу ўринда, мен Андижонда ҳам миллий қиёфага эга ошхона, ресторан, савдо шахобчалари, меҳмон уйлари, ҳатто меҳмонларнинг қурилишлари билан ўзгача, ўзбекона ярақлаб турган образни кўришни неча йиллар давомида орзу қиламан. Мана шу орзулар илгари сурилган режалар натижасида амалга ошиши ҳам ҳақиқатга айланмоқда.

Тележурналист сифатида узоқ йиллар давомида Бобур номидаги халқаро фонд ва илмий экспедицияси фаолиятини ёритиб келаман. Фонд раҳбари, жасоратли инсон Зокиржон Машрабовни жуда қадрлайман, таклиф билан ҳатто бирга ишладик ҳам.

FATMA GUL, [20.02.2024 14:50]

Бобур Мирзо шахсиятига бўлган муносабатим эса алоҳида мавзу. Шунинг учун ҳам буюк ватандошимиз, давлат арбоби ва саркарда, аллома ва шоир, Андижон фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг аждодлари хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида Андижон шаҳрида Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жуда кенг кўламли қурилиш ишлари режалаштирилгани маълум қилинди. Очиғи, шу лойиҳага ҳисса қўшсам, деган ният билан янада қувондим. Тўғри, ҳозирда Боғи Бобурдаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидаги ноёб манбалар ҳам алоҳида таҳсинга сазовор, неча йиллик меҳнат, машаққат ва изланишлар самараси. Буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Агар янги мажмуа “Бобурнома” асосидаги жозибали, қизиқарли, мазмундор кўринишда яратилса, барчага манзур бўлиши аниқ. Шунинг учун ҳам Президентимиз бўлажак мажмуа ҳар жиҳатдан муҳташам, бетакрор мазмун ва шаклга эга бўлиши, Бобур ва бобурийлар сулоласининг оламшумул шон-шуҳратига тўла муносиб бўлиши кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Бу айтиш жоиз бўлса, ниҳоятда катта иш, тарихларга ҳудди бобурийлар қолдирган маънавий, маданий ёдгорликлар, мерослар каби салобатга эга бўлган Янги Ўзбекистон, Янги Андижоннинг энг залворли бунёдкорликларидан бири бўлади, деган умиддаман.

Президентимизнинг илгари сурган лойиҳалари бу - янги Андижоннинг эртанги истиқболи учун мустаҳкам пойдевор, дастурамал. Албатта, биз ижодкорлар қаламимиз, қолаверса, инсонларни шукроналикка, яхшиликка, ижтимоий- маънавий муҳитни соғломлаштириш, Ватан ишига дахлдорликка даъват қилиш йўлидаги сайъ-ҳаракатларимиз билан камарбаста бўлишга бурчлимиз. Зеро, Ватан обод бўлса, юртдошларимиз хурсанд бўлса, биз бундан фақат куч, илҳом оламиз.

Матлуба Юсупова,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари,

“Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси,

“Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби.