АНДИЖОНЛИК 16 НАФАР ПЕДАГОГ “ЙИЛ ЎҚИТУВЧИСИ” ТАНЛОВИ ҒОЛИБИ БЎЛДИ
21.09.2026 22
Уларнинг ҳар бири 616 миллион сўм мукофот билан тақдирланади
Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президент ташаббуси билан жорий этилган “Йил ўқитувчиси” танловининг ғолиблари аниқланди.
Илк бор ўтказилган беллашувда мамлакатимиз бўйича ҳар бир туман ва шаҳарда биринчи ўринни эгаллаган 208 нафар педагог ушбу юксак эътирофга сазовор бўлди. Ғолибларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 минг 400 баравари миқдорида – 616 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланади. Ғолиблар орасида Андижон вилоятидан ҳам 16 нафар юқори салоҳиятли ўқитувчи бор.
Устозларнинг қадр-қиммати, жамиятда тутган мавқеи ва мақоми қандай бўлиши кераклиги хусусидаги мунозараларда, яқин-яқингача ҳам ҳар гал японларнинг "Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик", деган мазмундаги машҳур иборасини эслаганимиз бор гап. Бугун эса юртимизда муаллим ва мураббийларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларнинг ўз устида ишлашлари учун берилаётган имкониятлар ва ниҳоят бу соҳадаги билимли, салоҳиятли, потенциали юқори бўлган кадрларнинг меҳнатига нисбатан эътибор ва рағбат кўпларда ҳайрат ва ҳавас ҳиссини уйғотаётгани рост.
“Йил ўқитувчиси” танлови 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиши белгиланган. Унда номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналиши бўйича қатнашишлари мумкин. Бунинг учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтилади.
Танлов уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади. Иккинчи босқичда педагогик маҳорат ҳакамлар ҳайъати ва педагоглар томонидан баҳоланиб, номзод ўтказган дарснинг видеоёзуви махсус платформага жойлаштирилади. Учинчи босқичда эса номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги билан боғлиқ жиҳатларга эътибор қаратилади.
Бу йилги танловда мамлакат бўйлаб 46 минг нафардан ортиқ педагог иштирок этди. Эътиборлиси, мукофотга муносиб кўрилган ўқитувчиларни тақдирлаш билан бирга, уларни мазкур танловга тайёрлаган устозларини ҳам муносиб рағбатлантириш ҳам назарда тутилган.
