ЎЗБЕКИСТОН - СЕРБИЯ МУНОСАБАТЛАРИ ЯНГИ ТАРИХИЙ РАКУРСДА
09.09.2026 22
Мамлакатимиз шонли тарихининг сўнгги ўн йиллигида ташқи сиёсатимизда фаоллик кучайгани жаҳон ҳамжамиияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Дўстона алоқалар замирида кўптомонлама манфаатли келишувлар амалга оширилиб, табиийки, сиёсий жиҳатдан конструктив масалалар ҳал этиб борилмоқда. Иқтисодий ҳамкорликлар кўлами кенгайиб янги драйверлар ҳаракатга кела бошлаяпти. Шу маънода мамлакатимиз раҳбарининг Европа давлатлари билан дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракатлари замирида ҳам икки томонлама манфаатли мақсадлар бор.
Хусусан, 7-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон давлат раҳбарининг Сербияга илк расмий давлат ташрифи сиёсий, иқтисодий ва гуманитар йўналишларда бир қатор муҳим натижалар билан якунланди. Иқтисодий ва маданий ривожланган, этник илдизлари қадим тарихга туташган Сербия ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари учрашуви кенг жамоатчилик эътиборини тортди, ушбу ташрифни саккизта йўналишда амалий натижаларга эришилганини таъкидлаш жоиз.
Шавкат Мирзиёевни Сербия олий давлат мукофоти Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирланди. Орден давлатимиз раҳбарига мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Сербия Президенти Александр Вучич томонидан топширилгани, давлат пойтахти Белград шаҳрининг марказий кўчаларидан бири “Тошкент” номи билан аталиши ўз навбатида тарихий дўстликка жиддий қадам сифатида қувонарли. Икки дўст давлат ўртасида дипломатик ваколатхоналар очиш таклифи ўзаро ҳамда кўп томонлама алоқаларни давомли бўлишини таъминлайди, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, икки давлат делегация вакиллари иштирокида ташкил этилган қўшма бизнес форумида Президентлар Ш.Мирзиёев ва А.Вучич иштирок этди. Нуфузли тадбирда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳисобига савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш, давлатларимиз ўртасида 2026-2028 йилларга мўлжалланган саноат шериклигини ривожлантиришга доир ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Мазкур режа асосида Қўшма декларация ҳамда меҳнат мобиллиги ва миграцияси, эркин савдо тўғрисида битимлар имзоланди. Божхона, шунингдек, автомобиль ва темир йўл транспорти масалалари ҳам муҳокама этилиб тегишли битим ва ҳужжатлар алмашилди.
Рақамлаштириш ва АКТ йўналишида ҳамкорлик айни пайтда Сербия тажрибасини ўрганиш, муҳандислик, илғор технологияларни қўллаш, сунъий интеллект соҳаларида қўшма таълимни йўлга қўйилиши ҳамда мамлакатимиз олий таълимида масофавий шаклнинг йўлга қўйилгани “рақамли таълим”ни жозибадорлигига ҳисса қўшади, деб умид қиламиз.
Ўзбек зиёлилари, олимлари ва умуман жамоатчилигини қувонтирган масалалардан бири, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик учун қўйилган қадам. Президентлар имзолаган ҳужжатлар орасида олий таълим, фан, маданият соҳаларида алоқалар ўрнатиш, таълим муассасаларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйилиши ОТМларда янада янги илмий билимларни алмашиш имконини яратади.
Мана шу имзоланган ҳужжатлар замирида бевосита бизнинг олий таълим масканимиз ҳам янги режаларни бошлаш имконига эга бўлди. Масалан, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти халқаро факультетлар ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлаб, шу кунга қадар, Белорусия Республикаси билан 2+2 дастури доирасида “Чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш”, “Ўсимликлик ҳимояси”, “Ветеренария медицинаси” йўналишида кадрлар тайёрлаган. Бундан ташқари режалаштирилган халқаро ҳамкорлик доирасида Туркия давлати аграр таълим муассасалари назарда тутилган эди. Ушбу ташриф натижаларидан руҳланган ҳолда Сербия давлати ОТМлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш нияти пайдо бўлди.
Ўзбекистон ва Сербия биринчи ҳукуматлараро кенгаш қишлоқ хўжалиги, аграр таълим соҳаларида янги истиқболли режаларга асос бўлди, деб ҳисоблаш мумкин. Қишлоқ хўжалиги соҳасида Сербиянинг илғор агротехнологиялари, замонавий уруғчилик ва селекция ютуқлари, кўчат етиштириш, боғдорчилик, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш борасидаги тажрибасини Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сербия Республикаси Қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва сув хўжалиги вазири Д.Гламочич билан учрашиб, чорвачилик, боғдорчилик ва уруғчилик йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар. Мулоқот давомида наслдор чорва молларини етиштириш, замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш, гўшт ва сут етиштириш, ем-хашак базасини ривожлантириш, илғор ветеринария технологияларини жорий этиш, интенсив боғларни барпо этиш ҳамда юқори ҳосилдор уруғлик навларини етиштириш ва кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, пахтачилик ва шоличиликда қўлланилаётган миллий илмий тадқиқот натижалари соҳаларда ўзгаришларга сабаб бўлаётганини кузатиб турибмиз. Бевосита аҳоли сони ортиб бораётган, озиқ-овқат сиёсати беқарор бўлиб турган, аграр соҳага таъсир этувчи омиллар сезиларли кучаяётган даврда озиқ-овқат билан боғлиқ аграр соҳаларни ривожлантириш долзарб вазифалардан бўлиб турипти.
Сербиянинг “Нови Сад” илмий-тадқиқот институти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Кўзланаётган мақсад Ўзбекистон шароитига мос, ҳосилдор, иқлим ўзгаришига, юқори ҳароратга, қурғоқчиликка, касалликларга чидамли навлар, дурагайларни яратиш, шунингдек, замонавий уруғчилик технологияларини ҳамкорликда жорий этишдир.
Ҳамкорлик доирасида икки давлат олимлари ва мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, илғор селекция усулларидан фойдаланиш, амалий лойиҳалар сонини кўпайтириш ва эришилган келишувларни аниқ механизмлар асосида амалга ошириш икки давлатнинг аграр соҳадаги ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди. Қишлоқ хўжалигига тааллуқли ҳамкорлик тўғрисида қатор тегишли битимларнинг имзоланиши келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, тажриба-синов ишлари, мутахассислар алмашинуви, малака ошириш ва стажировка дастурларини йўлга қўйиш, селекция ва уруғчилик соҳасида қўшма тадқиқотларни кенгайтириш, илмий салоҳият ва амалий тажрибани бирлаштириш учун хизмат қилиши шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, Сербия аграр тажрибаси Ўзбекистонда замонавий селекция ва уруғчиликни ривожлантиришга, аграр инновацияларни ҳаётга татбиқ этишда хизмат қилади. Умуман олганда, Ўзбекистон-Сербия биринчи учрашуви тарихий аҳамиятга молик бўлди, саккиз йўналишдаги қатор ҳужжатлар, декларация, битим, шартномаларнинг имзоланиши, келишувларнинг амалга оширилгани ҳақиқий маънода тарихий аҳамият касб этади.
Тоҳиржон СУЛТОНОВ,
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар
институти ректори,
техника фанлари доктори,
профессор.