Йирик ишлаб чиқарувчининг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинди
22.09.2026 44
Бош қомусимизга кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланган.
Бугунги кунда юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари шартномавий муносабатлар юзасидан келиб чиққан турли низолар бўйича иқтисодий судларга мурожаат қилиб, ўзлари келтираётган даъволарни тўлақонли ҳимоя қилишмоқда. Келиб тушаётган ҳар бир низо суд томонидан атрофлича ўрганилиб, қонуний ва асосли қарорлар қилинишига эришилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган йирик ишлаб чиқарувчи субъектлардан бири – “S.F” масъулияти чекланган жамияти хориждаги хомашё етказиб берувчи ҳамкори “B.K.TEKSTIL”дан ўзларига келтирилган зарар билан бирга жарима ҳм ундиришни сўраб судга даъвога киритган. Хўш, низонинг моҳияти нимадан иборат эди?
Аниқланишича, “S.F” МЧЖ ҳамда “B.K.TEKSTIL” ўртасида хомашёни қайта ишлаш шартномаси тузилиб, унга кўра хорижлик ҳамкор қарийб 175 минг доллар миқдорида кўйлак тикишга мато ва хомашё материалларини Андижонга етказиб беради. Бироқ келтирилган маҳсулот сифати бўйича бир қатор нуқсонлар ҳамда 2 минг 163 метр камомад аниқланади. Шундан сўнг маҳаллий ишлаб чиқарувчи жарима ва зарарни тўлаш юзасидан хорижлик ҳамкорига талабнома юборади. Талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилгач, низо бўйича судга даъво киритишга мажбур бўлади.
Суд томонидан иш муҳокама қилиниши жараёнида жавобгарнинг вакили даъвони қисман тан олди. Маълум бўлишича, камомад чиққанлиги рост. Қолаверса, маҳсулот сифатидаги нуқсонлар улар етказиб берилган пайтнинг ўзида эмас, балки ҳар бир рулон очилиб, кўйлак тикиш жараёнида аниқланган ҳамда ҳолатлар юзасидан даъвогар ва жавобгар иштирокида далолатнома тузилган.
Ишни тўлақонли кўриб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш мақсадида суд-товаршунослик экспертизаси тайинланиб, бу борадаги асослантирилган хулоса тақдим этиш Наманган тўқимачилик саноат институтининг мутахассислари зиммасига юклатилганди.
Эксперт ҳужжатларда акс этган ҳамда амалда юборилган мато миқдори борасидаги номувофиқликлар, хомашёдаги яширин нуқсонлар, кўйлак тикишга яроқсизлиги аниқланиб, ишлатилмай омборга ажратиб қўйилган рулон миқдори каби жиҳатларга аниқлик киритиб, матоларда аниқланган барча нуқсонлар мато ишлаб чиқариш жараёнида пайдо бўлган ва жавобгарлик сотувчи томонида эканлиги, нотўғри газлама туфайли юзага келган ҳар қандай нуқсонлар учун харидор ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмаслиги, бу ҳолат сотувчининг маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётганлигини кўрсатиши, шунинг учун даъвогар бу борада ҳеч қандай жавобгарликка эга эмаслиги ҳамда сотувчи нуқсонли маҳсулотлардан келиб чиқадиган барча мажбуриятларни ўз зиммасига олиши кераклиги хусусида хулоса берган. Шунингдек, юборилган газламалардан 18 минг 782 дона эркаклар кўйлаги ишлаб чиқарилган бўлса, уларнинг 755 таси ишлаб чиқариш тугагандан сўнг материал рангида ўзгаришлар ва яна бир қатор нуқсонлар пайдо бўлгани боис яроқсиз либосга айланган.
Суд эксперт хулосасини мақбул далил деб ҳисоблаб, қолаверса, иш ҳужжатларини синчиклаб ўргангач,“B.K.TEKSTIL” ҳисобидан “S.F” МЧЖ фойдасига 5 минг 726 АҚШ доллари миқдорида жарима, 1 минг 958 доллар зарар ҳамда давлат божи ундириш хусусидаги тўхтамга келди.
Хулоса ўрнида айтганда, иқтисодий судларда низоларнинг адолатли ҳал этилиши тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини кафолатли ҳимоялаш баробарида юртимизда ишбилармонлик муҳитини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳаамият касб этади.
Шавкатжон Абдухаликов,
вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
