Атрофга назар

Халқчил ва адолатли суд юртимиз қиёфасини белгиловчи муҳим омиллардан бири


19.09.2026   26

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 августдаги Фармони билан Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган «Одил судлов — 2030» стратегияси тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 августдаги Фармони билан Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган «Одил судлов — 2030» стратегияси тасдиқланди.

«Судлар — халқчил ва адолатли одил судлов қўрғони ва Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқат устуни» шиори остида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат тизимни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқ белгилаб берганлиги билан аҳамиятли.

Стратегияда 57 та вазифа, 160 та чора-тадбир ва 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 33 та мақсад қайд этилган бўлиб, унинг асосий жиҳатлари 6 та устувор йўналиш (устун) асосида белгиланган.
Жумладан, «халқчил суд» йўналиши судлар фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, бюрократияга чек қўйиш ва жамиятда суд тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, “адолат қўрғони” устуни суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш, судьяларнинг қарор қабул қилиш жараёнига ҳар қандай ташқи ва ички аралашувларнинг олдини олишни назарда тутади.

Ҳужжатда «кафолатланган адолат» тушунчасига ҳам алоҳида қаратилган. Бунинг моҳияти суд қарорларининг сифати ва барқарорлигини ошириш, бузилган ҳуқуқларни амалда тиклаш ва суд қарорлари ижросини (шу жумладан, сунъий интеллект ёрдамида) кучайтиришни ифода этади.
Шу билан бирга, ҳужжатда юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, коррупцияга муросасиз бўлган судьялар корпусини шакллантиришни белгиловчи «адолат посбонлари», суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш, онлайн хизматларни ривожлантириш ва фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни бартараф этишга оид «рақамли одил судлов», инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий тизимга жорий этиш ва Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга доир «халқаро эътироф» устунлари ҳам белгиланки, буларнинг барчаси бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда Янги Ўзбекистон қиёфасини белгиловчи замонавий суд тизимини ташкил этади.

Эътиборли жиҳатлардан бири, ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 июлдан бошлаб 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларидаги тафтиш инстанцияси ваколатлари ушбу ҳудудлараро судларга ўтказилади, бу эса бир суд ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқиши амалиётига чек қўяди.

Шунингдек, «Ягона дарча» тизими ва суднинг фаол иштироки жорий этилади. Яъни агар фуқаро аризани бошқа судга топширган бўлса, ариза фуқарога қайтарилмайди, балки суднинг ўзи уни тегишли судга йўналтиради. Аризада жузъий камчиликлар бўлса, суд уни рад этмасдан, фуқаро ёки тадбиркорга камчиликни бартараф этишда кўмаклашади.

Бундан ташқари, 2030 йилга қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, деярли барча туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судлар босқичма-босқич ташкил этилади.

Қолаверса, 2028 йил 1 январдан бошлаб «иқтисодий ишларни проактив бошқариш» стандарти жорий этилиб, низоларни тезкор ҳал этиш ва тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлишининг олди олинади.
Хулоса ўрнида айтганда, стратегия очиқлик, процессуал тўсиқларни камайтириш, рақамлаштириш ва судьялар мустақиллигини кафолатлаш тамойилларига таянади. Бу эса инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Жасуриддин Абдусаттаров,

фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди раиси