АНДИЖОНЛИК УСТА СОЗГАРНИНГ КИТОБИ УЧ ТИЛДА ЧОП ЭТИЛМОҚДА
07.09.2022 775
“Ғижжаки Бобурий” корхонаси асосчиси уста созгар Абдумалик Мадраимовни нафақат Андижонда, мамлакат миқёсида ҳам, хорижда ҳам яхши танишади. Устанинг қадимий созларни қайта тиклаш, такомиллаштириш борасида олиб бораётган изланишлари эътиборга молик.

Корхонада дастлаб уч турдаги чолғу асбоблари тайёрланган бўлса, бугун уларнинг тури 50 га яқин. 40 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, мусиқа асбоблари республикамиздаги нуфузли мусиқа ва санъат мактабларига етказиб берилади. Тайёр маҳсулотлар ўзига хослиги ва сифати билан ажралиб туради. Германия, Ҳиндистон давлатларидан талабгорлар кўп. Айниқса, ҳиндистонликларнинг рубоб, доирага ҳаваси баланд.

– Тайёр маҳсулотнинг ҳар бирини сози талаб даражасидами-йўқми бирма-бир синовдан ўтказамиз, - дейди Абдумалик Мадраимов. – Бу нозик ишни бировга ишонмай, ўзим бажарардим. Мана энди набиралар, шогирдлар ёнимга кирди, масъулиятни мендан-да зиёда ҳис қилишади.
Мадраимовларни бир сўз билан ҳунарманд-тадбиркорлар сулоласи десак янглишмаймиз. “Ғижжаки Бобурий” бренди билан тайёрланаётган мусиқий чолғу асбоблари уларнинг меҳнати маҳсулидир.
Корхонада Европа чолғу асбобларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган.
– Скрипка мусиқа асбоби хориждан келтириларди, – дейди уста созгар. –Ўзимизда тайёрласак, қандай бўларкан, деб ўйлаб қолдим. Аввалига тарихи билан қизиқдим, ўргандим. Ҳаракатлар зое кетмади. Айни кунларда скрипканинг турли хил кўринишдагисини ясамоқдамиз. Буюртмачилар сафи кенгаймоқда. Чет элга экспортни бошлаб юбордик.
Чолғу асбоблари борасида Абдумалик ака салкам ярим асрдан буён илмий изланишлар олиб боради. Унинг натижаси ўлароқ, яқинда “Амир Темур ва Темурийлар давридаги чолғулар” номли асари нашрдан чиқди. Дурдона асар ҳисобланган мазкур китоб чуқур илмий таҳлилларга асосланган бўлиб, миллий чолғуларнинг тарихи, уларнинг яратилиши, шакл-шамойили ҳақида кенг маълумотлар беради.
– Мамлакатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида чолғу асбобларимизни кўриб, буларнинг илмий асослари борми, дея қизиқдилар. Бу менга мотивация бериб, кўп йиллик изланишларимни яхлит асар шаклига келтиришга ундади. Китоб яратилишида ҳазрат мир Алишер Навоий асарлари ва Заҳириддин Муҳаммад Борбурнинг “Бобурнома”сига қайта-қайта мурожаат қилишга тўғри келди. Мумтоз асарларни ўқисангиз, мутафаккир аждодларимиз нафақат давлат арбоби ёки шоиргина бўлиб қолмай, мусиқий илми мустаҳкам олимлар бўлишганига тан берасиз.
Бугунги кунда китобимни ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиш юзасидан таклифлар тушяпти. Айни пайтда Андижон давлат чет тиллари институти мутахассислари билан ҳамкорликда асар таржимаси устида иш олиб боряпмиз.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан янги асар 2000 нусхада чоп этилди. Сўнг З.М.Бобур фонди ва педагогика институти буюртмаси билан яна 1000 нусхада китобхонлар қўлига етиб борди.
Созлар бўйича академик олимлар даражасида билимга эга Абдумалик Мадраимов билан бўлган суҳбатимиз давомида уста мазкур асар кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилишига асос бўла олишини таъкидлади. Бой маънавий-маданий меросимиз тарихидан сўзловчи асарнинг равон тилда ёзилгани китобхонлар аудиториясини янада кенгайтиради.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.
