Атрофга назар

Асоссиз баҳоналар билан тўланмаган иш ҳақи суд орқали ундирилди


13.06.2026   17

Меҳнат кодексининг 253-моддасига кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда, бўнакда ва қолган қисми миқдорида тўланади.

Мазкур қонун талабига мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир иш берувчи амал қилиши шарт. Трикотаж фаолияти билан шуғулланувчи “М-TEKS” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти мана шу қонун нормасини “унутиб қўйди” ва ўз ходимлари иш ҳақининг бир қисмини тўлашни асоссиз равишда пайсалга сола бошлади.

Масала кун сайин чўзилавергач, бир гуруҳ ходимлар туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига мурожаат қилишади. Инспекция эса ўз навбатида бир гуруҳнинг ходимларнинг манфаатини кўзлаб МЧЖга нисбатан иш ҳақи ундириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат этди.

Суд масалага ҳуқуқий баҳо бериш жараёнида даъвогарлар ва жавобгарнинг фикрларини эшитди. Жавобгарнинг тан олишича, ишга ходимлар оғзаки келишув асосида қабул қилинган ва ҳар бирига турли миқдорда иш ҳақлари ваъда қилинган. Маълум давр мобайнида ходимлар чиндан ҳам тикувчилик фаолиятини амалга оширишган ҳамда ўзларининг зиммаларига юклатилган вазифаларни адо этишган. Иш берувчи эса ҳар бир ходимга иш ҳақининг маълум қисминигина тўлаган. Масалан, Н.А.га 1 миллион 680 минг, К.Ж.га 2 миллион 700 минг сўм, Д.М.га 1 миллион 500 минг сўм тўлаган бўлса, Ф.М. ва Ш.М.ларга берилиши лозим бўлган иш ҳақи миқдори умуман тўланмаган. МЧЖ раҳбари суддаги кўрсатмасида ходимларга тўлаган маблағлари чегириб ташланиб, қолган қисмини ҳақдорларга тўлаб беришини маълум қилиб, суддан ишни қонуний ҳал қилишни сўради.

Суд низони иш ҳужжатларига қўшиб, қонун талаблари асосида батафсил ўрганиб, жавобгардан Н.А. фойдасига 4 миллион 926 минг 450 сўм, К.Ж. фойдасига 5 миллион 816 минг сўм, Д.М. фойдасига 4 миллион 316 минг сўм, Ф.М. фойдасига 2 миллион 204 минг сўм, Ш.М. фойдасига 2 миллион 244 минг сўм иш ҳақи ундириш ҳақидаги тўхтамга келди.

Шу билан бирга, жавобгардан МЧЖдан суд депозитига 41.200 сўм почта харажати ҳамда давлат фойдасига 780.258 сўм давлат божи ундирилиши ҳам белгиланди.

Тадбиркорлик фаолияти учун ҳар сония вақт ҳам, бир сўм маблағ ҳам ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Номи тилга олинган МЧЖ раҳбарияти ҳам ана шу ҳақиқатни тушуниб, низони судгача ҳал этиш чораларини кўрганида вақтидан ҳам, нақдидан ҳам ютган бўлар эди. Зотан, иш суд муҳокамасига қадар етиб келгани учун ҳам жавобгар зиммасига давлат божи ва почта харажати қўшимча юк бўлиб тушди. Тафсилотлари қисқача ҳикоя қилинган ушбу ҳолат эса Меҳнат қонунчилигидан қочишга уринган ҳар қандай иш берувчи учун сабоқ бўлиши керак.

Хуршид Юсупов,

фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди судьяси