Атрофга назар

АВТОБУС КИМНИНГ ШАХСИЙ МУЛКИ?


15.06.2022   348

Яқинда автобусда бўлган воқеа кўнглимни анча вақтга қадар хижиллигини ёзмади. Ёзишга қарор қилдим. Эҳтимол, бу воқеа мулоҳазага чорласа, кўпчилик тарбияга ҳар соҳада қаттиқ назорат зарурлигини англаб етар, деб ўйладик.

Тонгги соат етти. Зарур юмуш билан кўчага чиққандим. Манзилга автобусда кетмоқчи бўлдим. 394 йўналишдагисига ўтирдим. Мусиқа баланд. Очиғи эрталабдан шовқинли куй кишига у қадар ёқмайди, кимга қандай билмадиму, мен тонгда кунлик режаларимни тузиб, таҳлиллаб, хаёллаб кетаман. Мусиқа халал беради. Ҳайдовчи ёшгина йигит экан. Кимгадир ёқаётгандир, дея истиҳоламни айтишга уялдим. Бироз юрилгандан сўнг, ёши катта йўловчи чиқди. Афтидан унгаям баланд овоздаги “тараллабедод” қўшиқ ёқмади. Ҳайдовчидан мусиқани пастлатиб ёки ўчириб қўйишини сўради. Аммо ачинарлиси, ҳайдовчи отаси тенги одамга, бунинг устига йўловчига “хўп” дейиш ўрнига ўзи истаган ашулани хоҳлаган баландликда эшитишини иддао қилди. Шу мусиқа кимгадир ёқиши, кимгадир ёқмаслиги, йўловчилар орасида ёши улуғлар кўплиги айтилиб танбеҳ берилганди, ҳайдовчидан балога қолдилар. Йигитча автобус “ўзиники” эканлигини, у хоҳлаган мусиқани йўловчилар тинглашга мажбур эканликларини таъкидлади.

Тортишиш бефойда эканлигини билган отахон манзилига етмай тушиб қолди. Мен ҳам ҳаво булғангандай ҳис қилдим ва манзилимга етиб улгурмай йўлда туша қолдим. Тоза ҳаводан тўйиб нафас олганча пиёда кетдим...

Автобусдаги кузатувчи