Андижонда

АВВАЛ АНДИЖОНДА МУРАККАБ ОПЕРАЦИЯ ЎТКАЗИШ МУШКУЛ ЭДИ


25.04.2022   634

Жаҳон тиббиёт илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али Ибн Синонинг шу фикрини кўп таъкидлайман: “Одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир”. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этишини ҳисобга олсак, бу фикр нечоғли аҳамиятли эканини чуқур ҳис қиламиз.

Кейинги йилларда юртимизда соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, самарали фаолият юритмоқда. Энг муҳими, тиббиёт муассасалари халққа янада яқинлашмоқда. Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда.

Чунончи, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалида ҳам йўналишдаги ишлар кундан-кун юқори босқичга кўтарилаётганини таъкидлаш жоиз. 350 ўринга мўлжалланган филиалимизда мавжуд 2 та қабулхона, 14 та клиник ҳамда 11 та ёрдамчи бўлимларда 639 нафар шифокор (уларнинг 1 нафари тиббиёт фанлари доктори ва 17 нафари тиббиёт фанлари номзоди) ва 1008 нафар ҳамшира беморларга малакали тиббий хзмат кўрсатиб келмоқда.

Халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш биз учун бош вазифадир. Айтиш керакки, илгари вилоятда мураккаб операциялар ўтказишда қийинчиликлар бор эди. Масалан, айрим ҳолларда мутахассислар етишмаса, баъзан талаб даражасидаги зарурий тиббий жиҳоз, ускуналарга эҳтиёж катта бўларди. Бироқ сўнгги йилларда Андижонда ҳам соҳамиз ривожидаги улкан ислоҳотлар ушбу муаммоларни бартараф этаётир. Биргина жорий йилнинг 1-чораги сарҳисобига назар ташласак, филиалда 471 та мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилганига гувоҳ бўламиз. Блокловчи интрамедуляр остеосинтез, чанок сон бўғими тотал эндопротези, найсимон суякларни пластинка ва шуруплар ёрдамида блокловчи остеосинтез, умуртка погонаси транспедикуляр фиксацияси, нейрохирургия ҳамда микрохирургия, лапороскопик ва эндоскопик операциялар шулар жумласидандир.

Ўтган давр ичида қайси хасталиклар билан мурожаат қилиш кўпаётганини таҳлил қилдик. Айни ўтган 1-чорак давомида энг кўп учраган ҳамда стационар ва амбулатор даволанган беморларимиз политравма ва юрак қон-томир касалликларидан азият чекканлардир. Бундан ташқари, об-ҳаво билан боғлиқликни ҳисобга олганда, болалар орасида нафас аъзолари касалликларининг кўпайиши кузатилмокда. Жорий йилнинг айни кунига қадар пневмония ташхиси билан келган 916 нафар кичкинтойларга шифо улашилган.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш билан бирга малакали тиббий хизмат кўрсатишини ҳам ўзида ифода этади. Янги Ўзбекистонни барпо этишга фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина қодир бўлишини, албатта, барчамиз яхши тушунамиз. Айниқса, бу борада биз шифокорларнинг зиммамиздаги масъулият жуда улкан. Соғлом миллат, соғлом авлод, соғлом халқнинг қудрати буюк. Биз эса мана шун саломатлик муҳофазаси учун ҳамиша сергакмиз.

Шоҳидбек НИШОНОВ,

РШТЁИМ вилоят филиали бош шифокори