Аёл қадри нечоғи баланд бўлса, жамият тараққиёти юксалаверади

13.03.2025 554
Аёл - оила ва жамиятнинг устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки. Шу боис ҳам юртимизда хотин-қизларга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш ва уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга жиддий эътибор бериб келинаётир.
Шундан келиб чиқиб, демократик-ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш шароитида ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи ҳолатдан бири бўлган хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланди, десак муболаға эмас. Зотан, теварак-атрофимизда ушбу иллатнинг кўзга ташланиб туриши бу фикрга исботдир.
Бош қомусимизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб эътироф этилган. Шу маънода аёлларни турли шаклдаги зўравонликлардан ҳимоялаш уларнинг Конституция даражасида кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоялаш демакдир.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида уларга нисбатан ўтказилиши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликнинг турлари ва бошқа тушунчаларга, яъни жинсий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, иқтисодий зўравонлик, иш жойидаги зўравонлик, руҳий зўравонлик, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, таъқиб этиш, ҳимоя ордери тушунчаларига таъриф берилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-2-моддасида оилавий (маиший) зўравонлик учун қатор маъмурий жазо чоралари белгиланган. Бундан ташқари, мазкур Кодекснинг 206-1-моддасида тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, айрим ҳолатларда уларга нисбатан содир этилаётган ножўя хатти-ҳаракатлар жиддий ташвиш ва хавотирларни келтириб чиқараётганлиги бор гап.
Шу ўринда мисолларга юзлансак. 2024 йилда хотин-қизларга нисбатан қилинган тазйиқ ва зўравонлик, жумладан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 591-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 178 та иш келиб тушган. Мазкур ишлар бўйича 227 нафар шахс суд томонидан ҳуқуқбузар деб топилган, 12 нафарининг қилмишида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмаслиги учун ишларЎзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган, суд томонидан ҳуқуқбузар деб топилган 227 нафар шахснинг 99 нафари юзасидан жабрланувчилар томонидан ўзларининг турмуш ўртоғи ёки бошқа яқин қариндошларига нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишдан тугатиб, огоҳлантириш билан чекланишни талаб қилиб, бу ҳақида аризалар тақдим этишгани муносабати билан улар МЖтКнинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилиб, ишлар тугатилган. Бундан ташқари, 80 нафарига жарима ва 48 нафарига маъмурий қамоқ тарзидаги жазолар тайинланган.
Шунингдек, 2024 йилда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2061-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судига 41 нафар шахсга оид 20та маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар келиб тушган. Ушбу шахсларнинг 15 нафари суд томонидан ҳуқуқбузар деб топилган.
Айтайлик, фуқаро Д.М. онаси С.М. билан ўзаро оилавий масалада жанжаллашиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлагани ва бошқа ҳуқуқбузарларликни содир қилганлиги учун у суднинг қарори 15 сутка маъмурий қамоққа олиш жазосига тортилган. Ёки фуқаро А.Қ. турмуш ўртоғи З.Қ.га тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлгани сабабли унга нисбатан ҳимоя ордери берилган бўлса-да, 2024 йил 14 декабрь куни турмуш ўртоғи З.Қ.нинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан қасддан хақорат қилиб, ҳимоя ордери талабларини бажармаганлиги учун суднинг 2024 йил 19 декабрдаги қарори билан 15 сутка маъмурий қамоққа олиш жазосига тортилган.
Хулоса ўрнида айтганда, хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилган ва бу борадаги қонунчилик аёлларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Тўлқин Тўрақулов,
жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди тергов судьяси