Андижонда

БАЛИҚЧИЛИК ПИЛЛАКОРЛАРНИНГ ШАШТИ БАЛАНД


22.05.2024   3073

Жорий йилда Андижон вилоятида 60 минг 363 қути ипак қурти парваришланиб, 3 минг 561 тонна пилла тайёрлаш режалаштирилган.

Шу кунларда вилоятнинг барча туманларида ипак қуртини боқиш,етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Балиқчи туманида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи, пилла эсаенгил саноат учун муҳим хом-ашёлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларигаалоҳида эътибор қаратилади.

Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Балиқчи туманида жорий йилда 6 минг 795 қути ипак қурти парваришланиб, 401 тонна пилла хом ашёси етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

  • Президентимиз томонидан ипакчиликни ривожлантириш, шу орқали, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишбўйича қатор вазифалар белгиланган, - дейди Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Моҳичеҳра Ҳожиматова. – Туманимизда ана шу йўналишдаги ишлар самарали олиб борилмоқда.

Туманда белгиланган пилла режасини бажариш учун зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, “Балиқчи ишонч пиллачилик” кластер корхонаси билан ҳамкорликда мавжуд 558 гектар майдондаги тутзорларни парваришлаш, мўл ва сифатли озуқа олиш, уруғчилик лобараториялари ишини самарали ташкил этиш, ҳудудлардаги “Лидер агроном аёллар”ни, касаначиларни ўқитиш, пилла етиштирувчиларга зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди.

Айниқса, пилла парваришига хотин-қизларни жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда мазкур соҳада 883 нафар киши доимий иш олиб бораётган бўлса, 10 минг нафардан зиёд киши мавсумий ишларга жалб этилган. Уларга амалдаги тартиблар асосида иш стажи юритилмоқда.

Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган 22 та инкубаторияда 6 минг 795 қути сифатли уруғ тайёрланиб, 2 минг 200 нафадан зиёд касаначи ҳамда фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Таъкидлаш керакки, пиллакорнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди. Ипак қурти парвариши ўта нозик иш. Хона ҳароратини бир хилда ушлаб туриши, қуртларга ўз вақтида озуқа бериш, буларнинг бари айтишга осон холос. Эрта тонг тутзорга бориб барг кесиб келиш, ярим тун демасдан қуртларга барг солиш ўзига яраша меҳнат, машаққатни талаб этади.

Туманнинг Сортепа маҳалласи, Алишер Навоий кўчасида яшовчи, касаначи Тожихон Муродова ўз хонадонида йигирма йилдирки, ипак қурти боқиб келади. Жорий мавсумда у оиласи билан икки қути ипак қурти парваришламоқда.

  • Бир неча йилдан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, - дейди Т. Муродова. - Аввало, қуртга меҳр қўйиш керак. У ҳам тирик жон. Айниқса, қурт боқилаётган жой озода бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.Келинларим билан бу ишни чиройли адо этиб келяпмиз. Эрта-индинг қуртни бостирамиз. Насиб этса, ҳар йилдагидек, бу йил ҳам режани ортиғи билан бажарамиз.
  • Сортепа, Баркамол, Шеробод маҳаллаларини ўз ичига олган “Шераличек” массивида “Мирзабойчеки замини”, “Сортепа ривожи” фермер хўжаликларида, шунингдек, 56 та хонадонда 300 қутига яқин ипак қурти парваришланмоқда, - дейди туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти участка агрономи Сайёрахон Ураимова. – Касаначиларимизнинг барчаси ипак қурти парвариши бўйича катта тажрибага эга опа-сингилларимиздир. Умуман, массивимизда 144 нафар хотин-қиз ипак қурти парвариши билан шуғулланмоқда. Уларга белгиланган тартибда иш стажи юритилмоқда. Ишларимиз яхши, насиб этса, белгиланган режани ортиғи билан адо этамиз.
  • Эсимни таниганимдан буён шу иш билан шуғулланаман, - дейди З. Жўраева. - Ипак қурти боқишга онам жуда уста эди. Ундан кўп нарса ўрганганман.
  • Ўғилларим, келиним Одинахон Мирзақулова, қизим Мафтунахон Маҳмудова, бутун оиламиз астойдил меҳнат қилдик, - дейди М. Юлдашева. – Бугун маҳалламизда биринчи бўлиб пилла теряпмиз. Ҳосил мўл, белгиланган режани албатта, ортиғи билан бажарамиз.

Мазкур маҳаллада яшовчи Гўзалхон Мамадалиева, Рўзихон Худойбердиева, Дилдорахон Худойбердиева сингари пилла боқувчилар ҳам шу ишнинг ҳақиқий миришкорларидир.

Туманнинг Жасорат маҳалласи, Хайрихон Эргашева кўчасида яшовчи, касаначи Закриёхон Жўраева ўз хонадонида тўрт қути ипак қурти парваришламоқда.

Умуман, кўп йиллар давомида пилла етиштириб, кам бўлмадик. Бутун оиламиз билан бир ой шу иш билан астойдил шуғулланамиз. Даромади ҳам ёмон эмас, энг муҳими ҳалол ва баракали.

Туркистон маҳалласида яшовчи, касаначи Матлубахон ая Юлдашева тумандаги энг илғор пиллакорлардан бири. Бугун ушбу хонадонда бир ойлик меҳнат маҳсули пилла ҳосили йиғиб-териб олнмоқда.

Авваллари пиллакорлар топширган пилласи учун йиллар давомида пулини оломасдан сарсон бўлар эди. Эндиликда Балиқчи туманида бундай муаммо тўла бартараф этилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, “Балиқчи ишонч пиллачилик” кластер корхонаси томонидан топширилган пилла учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш йўлга қўйилган. Пиллакорлар ортиқча овора бўлиб юришмайди.

Айни кунда касаначилар, фермер хўжаликлари белгиланган режани ортиғи билан адо этиш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Бу борадаги ишлар “Пахтакор”, “Навоий”, “Ғалаба”, “З.М.Бобур”, “Аслиддин Умаров” массивларида намунали олиб борилмоқда..

Бир сўз билан айтганда, ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган балиқчилик пиллакорларнинг шашти баланд. Улар пилладан ҳар йилдагидан-да мўл ҳосил олиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда. Қолаверса, белгиланган режанни вилоятда биринчилар қатори бажаришга аҳд қилишган.

Фаҳриддин Убайдуллаев,

Элёрбек Мамажонов олган суратлар.